Самарқандда халқаро кўргазмалар мажмуаси очилди
Фото: «Халқ сўзи»
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари самараси кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Шубҳасиз, янгидан барпо этилаётган йўллар ва кўприклар, фойдаланишга топширилаётган саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқларнинг барча-барчаси халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга, иқтисодиётимизни янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги «Деҳқонобод» маҳалласи ҳудудида, М39 магистраль йўлининг ёқасида алоҳида аҳамиятга эга бўлган яна бир иншоот — “SOF EXPO SAMARKAND” халқаро кўргазмалар мажмуаси очилди.
Давлат-хусусий шерикчилиги асосида барпо этилган лойиҳа ҳақида қисқача тўхталадиган бўлсак, қурилишнинг умумий қиймати 20 миллиард сўмни ташкил этади. Умумий майдони 9,5 минг квадрат метрни, шундан 4,5 минг квадрат метри ёпиқ ва 5 минг квадрат метр очиқ майдондан иборат мажмуа 50 кишилик конференц-зал, 3 та музокаралар хонаси, 3 юлдузли меҳмонхона, хостел, 3 та кафе ва ресторанларни қамраб олган ҳамда кўргазмалар, форумлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган.
Халқаро кўргазмалар марказининг очилиши байрамона тус олди. Тадбирда сўзга чиққанлар мажмуанинг бугунги кундаги аҳамияти ва моҳиятига алоҳида тўхталиб, келгусида бу марказ хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ўзига хос келишув майдонига айланишини билдирдилар.
Мажмуанинг очилиши доирасида «Қишлоқ хўжалиги техникалари ва технологиялари — Агропро 2022» кўргазмаси иш бошлади. Очиқ ва ёпиқ павильонлардан қишлоқ хўжалиги техникалари, агрегатлари ва қўшимча қисмлари, интенсив суғориш тизими ва иссиқхоналар учун фойдаланиладиган қурилма ва материаллар, минерал ўғитлар, витаминлар, мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда узум кўчатлари, ветеринария препаратлари, балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланиб келаётган фермер хўжаликлари маҳсулотлари жой олди.
— Мазкур кўргазма биз каби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва маҳсулот етиштирувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — дейди «Омад стар» МЧЖ раҳбари Асрор Деҳқонбоев.
— Биз шу ернинг ўзида маҳсулотлар хариди бўйича келишувларга эришиб, икки томонлама шартномаларни ҳам имзоламоқдамиз.
“SOF EXPO SAMARKAND” маркази раҳбари Аҳмад Тожибоевнинг айтишича, келгусида бу ерни нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, балки хорижий тадбиркорлар ҳам иштирок этадиган халқаро савдо майдонига айлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун мажмуада яна қўшимча бинолар қуриш, қулайликлар яратиш ишлари давом эттирилмоқда.
«Қишлоқ хўжалиги техникалари ва технологиялари — Агропро 2022» кўргазмаси эртага, 4 март куни якунланади.
Абдулазиз Йўлдошев
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг