Самарқандда «кар» ҳайдовчини ҳақорат қилганлар қамалди
Видеодан кадр
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда такси йўловчилари эшитиш қобилияти заиф бўлган ҳайдовчини турли ҳақоратли сўзлар билан таҳқирлагани акс этган видео кенг тарқалди. Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Аниқланишича, видеода акс этган ҳолат олдиндан режалаштирилган бўлиб, аслида рулдаги ҳайдовчи кар-соқов бўлмаган. Уч нафар шахс ўзаро келишган ҳолда воқеани саҳналаштириб, уни видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган. Унда иштирокчилардан бири ўзини кар-соқов қилиб кўрсатган, содир бўлаётган ҳолат эса «пранк» сифатида тасвирга олинган.
Ички ишлар органлари ходимлари томонидан мазкур шахсларнинг шахси аниқланган. Маълум бўлишича, ҳайдовчи автомобилни тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқарган.
Суд қарорига кўра, транспорт воситаси ҳайдовчиси маъмурий жавобгарликка тортилиб, 8 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Провокацион ҳаракатларда иштирок этган икки нафар йўловчи эса 10 суткадан маъмурий қамоқ жазосини олган.
Бундан ташқари, транспорт воситаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисмига мувофиқ жарима майдонига жойлаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг