Самарқандда II Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтмоқда

18:24 03 Ноябрь 2022 Жамият
903 0

Фото: Халқ сўзи

Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси бўлган қадимий ва бетакрор Самарқанд шаҳрида II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. «Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш» мавзусига бағишланган ушбу анжуманда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, нуфузли иқтисодчилар, инвесторлар ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

«Буюк ипак йўли» халқаро туристик мажмуасининг Конгресс марказида бўлиб ўтаётган форум Ўзбекистоннинг келгуси беш йиллик тараққиёт стратегияси, иқтисодий имкониятлари, дунё ҳамжамияти билан ҳамкорлиги ва ривожланиш тенденцияларини муҳокама қилиш майдонига айланиши кутилмоқда.

Форум аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Шерзод Асадов Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга йўллаган мурожаатини ўқиб берди.

Мурожаатда келтирилганидек, дунёда давом этаётган мураккаб пандемия ва глобал иқтисодий инқироз оқибатлари, турли нотинчликлар ва зиддиятлар фонида юзага келаётган озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши муаммолари инсон тақдири ҳақида жиддий бош қотиришни кун тартибидаги долзарб масалага айлантирди. «Бугунги форум нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар ва таниқли экспертлар иштирокида бу борадаги илғор тажрибаларни муҳокама қилиш ҳамда биргаликда умумий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади», дея ишонч билдирган давлатимиз раҳбари.

Биринчи Ўзбекистон иқтисодий форумидан бери ўтган йил давомида геосиёсий кескинликлар, таъминот занжирларининг бузилиши, иқлим ўзгариши оқибатида келиб чиққан табиий офатлар, юқори инфляция ва бошқа муаммолар жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари учун ҳам кўплаб қийинчиликларни келтириб чиқарди.

Мамлакатимиз ушбу ва бошқа пайдо бўлаётган мураккаб иқтисодий-ижтимоий масалаларни изчиллик билан ҳал қилмоқда. Асосий кучи хусусий сектор бўлган очиқ ва барқарор иқтисодиёт томон туб ўзгариш жараёни изчиллик касб этаётир. Синовлар давлатимиз раҳбари бошчилигида ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида олдинга силжиш ва ислоҳотларни давом эттириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Биринчи ялпи йиғилиш мамлакатимиз эришган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва яқин келажакда республикани олдинга олиб чиқадиган улкан режаларга бағишланди. Унда халқаро шериклар ва бизнес вакиллари билан ҳамкорликнинг ҳаётий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, Жаҳон банки вице-президенти Анна Берде, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда “TBC Group” раҳбарлари иштирок этди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири даставвал 800 дан ортиқ меҳмонлар иштирок этган биринчи Ўзбекистон иқтисодий форумининг натижалари билан ўртоқлашди.

— Биринчи Форум аввалги беш йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларга бағишланган эди, — дейди Ж. Қўчқоров. — Шунингдек, мазкур форум доирасида хусусийлаштириш, давлат-хусусий шериклиги, кредит линиялари ва бошқа ҳамкорлик йўналишлари бўйича элликдан зиёд шартномалар имзоланган эди. Шу билан бирга ўтган йилги форумдаги музокаралар ва учрашувлар 2022-2026 йиллар учун Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига янгича ёндашув, фикр ва дадил мақсадларни таклиф этишга ишонч бахш этган эди. Ушбу таклифлар ва мақсадлар ҳурматли Президентимиз томонидан маъқулланиб, Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топганини мамнуният билан билдираман. Бу йилги форум эса ўтган йилги тадбирнинг мантиқий давомидир. Икки кун давомида Тараққиёт стратегиясидан ўрин олган ислоҳотларни реал ҳаётда амалга ошириш ҳамда белгиланган мақсадларга эришиш бўйича фикр алмашамиз.

Қайд этилганидек, «Инсон манфаатларини иқтисодий ислоҳотларнинг бош мазмунига айлантириш» мавзуcидаги форум мақсад-моҳияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилингани ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан чамбарчас боғлиқ.

Тараққиёт стратегиясининг марказида энг биринчи навбатда инсон қадри ва манфаати туради. Унда 2026 йилгача мамлакатимизда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини амалдаги 2000 доллардан 2800 долларга олиб чиқиш ҳамда иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини таъминлаш орқали камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш асосий мақсад сифатида акс эттирилган.

Бу орқали 2030 йилга бориб жон бошига тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 4000 доллардан ошириш ва ўрта даромадли мамлакатларнинг юқори гуруҳига кириш учун қатъий мақсадга эришиш йўлида навбатдаги босқични муваффақиятли босиб ўтган бўламиз.

Иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсишини таъминлаш эса соҳани янада эркинлаштириш ва унда хусусий сектор улушини оширишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам бу галги форумда уч юзта хусусий сектордан ўзбек бизнес вакилларининг иштирок этаётгани қувонарлидир.

Маълумки, давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бозор ислоҳотларининг ёрдамга муҳтож қатламларга салбий таъсирини камайтириш ва манзилли ижтимоий ҳимоя чораларини кўришдан иборат. Шу боис ушбу форумга ижтимоий соҳадаги энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам таклиф қилинган. Улар, аввало, муҳтож инсонларга тўғридан-тўғри кўмак кўрсатиш билан бирга ҳукуматга ижтимоий ҳимоя чораларини тўғри белгилашда ёрдам бериб келмоқда.

Кўриниб турибдики, II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми ҳамкор-иштирокчилар, бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари сафининг кенглиги билан ўтган йилгидан фарқ қилади. Шу билан бирга ҳамкорларга форум доирасида ўз тадбирларини ташкил этишлари учун платформа тақдим этилган.

II Ўзбекистон халқаро иқтисодий форуми эртага, 4 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер