Самарқандда ҳарбий хизматдан қайтган йигит маҳалласидаги қўйларни ўғирлади
Самарқанд вилоятида ҳарбий хизматдан қайтган йигит маҳалладошларининг қўйини ўғирлади. Бу ҳақда «Zarnews.uz» хабар берди.
У чўпонлар тушлик қилаётганидан фойдаланиб, қўрада қамалган қўйлар орасидан битта қўчқор, совлиқ ва қўзичоқни ўғирлаб кетган.
Йигит қўйларни 200 минг сўмга такси ёллаб, Самарқанд шаҳридаги танишлариникига олиб борган. Бу ерда уларни арзон гаровга пуллаган. Пул камлиги сабаб орадан кўп ўтмай ўғрилигини яна давом эттирган.
У шундан сўнг қўлга тушган. «Хизмат даврида бир қиз билан ишқий муносабатларим чуқурлашиб кетганди, дейди йигитча судга берган кўрсатмасида. — Қайтганимдан кейин ҳам хабарлашиб турдик. Кейинчалик унга уйланмаслигимни билиб, «Агар 1000 доллар бермасанг, сени қаматаман», деди. Шу пулни топиш учун ўғрилик қилишга мажбур бўлдим».
Жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланган. Йигитга Жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди ҳукмига кўра, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Унинг яшаш жойидан ҳар куни кеч соат 23:00 дан эрталаб соат 06:00 гача чиқиши чекланди. Шунингдек, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик; Самарқанд вилояти ҳудудини тарк этмаслик; муайян жойларга, яъни кафе, бар ва ресторанларга бормаслик; алкоголли ичимликлар истеъмол қилмасликдан иборат қўшимча чеклашлар юклатилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг