Самарқандда чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлашнинг олдини олиш мақсадида онлайн кузатув камералари ўрнатилмоқда

13:45 17 Январь 2024 Жамият
479 0

Экология вазирлиги Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказий бошқармаси томонидан Самарқанд вилоятида чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлашнинг олдини олиш мақсадида онлайн кузатув камералари ўрнатилмоқда.

Дастлаб Самарқанд шаҳрининг кўп аҳоли яшайдиган ва чиқиндилар ташланадиган ҳудудларида 25 та кузатув камералари қўйилади. Бутун вилоят бўйича жами 100 та камера ўрнатиш режалаштирилган.

Энди белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаган фуқаролар ва автомашиналар рўйхати шакллантирилиб, вилоят ИИБ бошқармаси маълумотлар базасидан автомашина эгалари тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг манзиллари олинади. Кейин эса вилоят Экология бошқармаси ҳудудий инспекторлари фуқароларнинг яшаш хонадонларига бориб, ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар беришади. Уларнинг хатти-ҳаракати белгиланган тартибларга зид эканлиги, атроф-муҳитга зарар келтириши тушунтирилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилади ва тегишли жазо чоралари қўлланилади.

Маълумот учун, айни дамда Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Наманган, Андижон, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида онлайн камералар ўрнатилган. Бу камералар фаолияти доимий кузатиб борилади. Камералар нафақат белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш, балки бошқа турдаги экологик ҳуқуқбузарликларни ҳам аниқлаш ва ўз вақтида чора кўриш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер