Самарқандда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
“Беш ташаббус олимпиадаси”нинг биринчи мавсумида Самарқанд вилоятида спорт, маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари ва касблар танлови бўйича 19 йўналишда 393 минг 134 нафар йигит-қиз мусобақаларнинг маҳалла, сектор, туман (шаҳар), вилоят ҳамда республика босқичларида беллашиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлган эди.
Қувонарлиси, мазкур спорт мусобақаларининг республика финал босқичида вилоят ёшлари 16 та олтин, 9 та кумуш, 12 та бронза медалини қўлга киритди ҳамда 782 нафар иқтидорли йигит-қиз сараланиб, спорт мактабларига қабул қилинди.

— Олимпиаданинг иккинчи мавсуми сентябрь-ноябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, 10 августдан 15 августгача иштирокчилар “my.спорт.uz” ёки “beshtashabbus.uz” платформалари орқали онлайн рўйхатдан ўтади, — дейди Самарқанд вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев. — Ҳозирда мусобақалар ўтадиган жойларни белгилаш, спорт иншоотларини тайёрлаш, ҳакамларни бириктириш, баҳсларни белгиланган вақтда низом асосида ўтказилишини назорат қилиш ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш чоралари кўрилмоқда.

Мусобақанинг янги низомига кўра, ушбу мавсумда мактаб ўқувчилари етти йўналишда, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари беш йўналишда, олий таълим муассасалари талабалари тўрт йўналишда, маҳалла ёшлари олти йўналишда спорт мусобақаларида белгиланган ёш тоифасида иштирок этади.
Мусобақаларга 7-30 ёшгача бўлган ёшларнинг 400 минг нафардан ортиғини қамраб олиш, республика финал босқичида 50 дан ортиқ медалларни қўлга киритиши режалаштирилган.

Айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 420 дан ортиқ маҳаллий, республика ва халқаро спорт тадбирлари ўтказилди ва самарқандлик спортчилар 563 та олтин, 585 та кумуш ҳамда 890 та бронза медалларини қўлга киритди.
Шунингдек, Самарқанд тўртта халқаро мусобақага мезбонлик қилди. Шу йилнинг 15-17 сентябрь кунлари триатлон бўйича “Сhаllеngе Саmаrkаnd” халқаро мусобақаси ва Ўзбекистон чемпионатига ҳам Самарқанд шаҳри мезбонлик қилиши кутилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг