Самарқандда “AGRO PROЭXPO-2023» қишлоқ хўжалиги кўргазмаси иш бошлади
Фото: Халқ сўзи
Самарқанддаги халқаро кўргазма мажмуасида “AGROPRO EXPO-2023» халқаро ихтисослаштирилган кўргазма ўз ишини бошланди.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, хорижий ва маҳаллий компаниялар вакиллари, тадбиркорлар иштирок этди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси аграр-саноатлашган мамлакат бўлиб, йилдан-йилга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми 25 миллиард АҚШ долларидан ошади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 90,3 фоизи нодавлат секторга тўғри келмоқда. Мамлакатда 85 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда ва улар тасарруфида 4 миллион гектардан ортиқ ер мавжуд. Шунингдек, 460 дан ортиқ агрокластер ташкил этилган.
Мазкур ярмарка эса ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи, маҳсулот етиштирувчилар ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштиришда, илм-фан ютуқларини соҳага кенг жорий этишда, агрокластер ва компаниялар билан фермер хўжаликлари ўртасида ўзаро манфаатли шартномалар тузишда, энг асосийси, соҳа тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, тармоққа замонавий, инновацион технологияларни ҳамда илм-фан ютуқларини кенг татбиқ этиш орқали юқори самарадорликка эришиш аграр соҳа олдида турган энг муҳим ва устувор масалалардан бирига айланган.
Шу боис ҳам давлат томонидан агросаноат мажмуи соҳасига эътибор фаол равишда ортиб бормоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида қўшимча ер участкалари ажратиляпти, қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сотиб олиш, шунингдек, суғориш тизимларини сотиб олиш имконияти учун бозордан фоизи паст бўлган субсидиялар, имтиёзлар ва халқаро кредит линияларини бериш механизмлари жорий этилмоқда.
“AGROPRO EXPO-2023» қишлоқ хўжалигини инновацион усулда ривожлантиришда олимлар, ишлаб чиқарувчилар, агрокластерлар, фермер ва халқаро ҳамкорлар учун муҳим мулоқот майдони вазифасини ўташи шубҳасиз.
Кўргазмада қишлоқ хўжалиги техникалари, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар, суғориш тизимлари, иссиқхона жиҳозлари, уруғлик, кўчатлар, соҳага доир инновацион ишланмалар намойиш қилинмоқда. Бошқача айтганда, 140 дан ортиқ компания ва корхоналар 2 мингдан ортиқ маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу халқаро кўргазма иккинчи бор ўтказилмоқда. 2022 йилда ўтган илк кўргазмада юздан ортиқ корхоналар мингга яқин маҳсулотлари билан иштирок этган эди. Ярмарка якунлари билан эса 200 миллиард сўмлик юзга яқин шартномалар имзоланган. Бу галги кўргазмада эса 3 кун давомида 20 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимлари, фермер ва деҳқонлар иштирок этиши ҳамда 800 миллиард сўмлик ҳамкорлик шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Шунингдек, кўргазма доирасида уч кун давомида Европа ва Осиёнинг етакчи компаниялари томонидан илғор лойиҳалар тақдим этилади. Агросаноат мажмуасига бағишланган 25 дан ортиқ форумларда маҳаллий ва хорижий маърузачилар мунозаралар олиб боради.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг