Самарқандда «Адлия сайли» бўлиб ўтди
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд шаҳридаги «Қорасув» массивида «Адлия сайли» ташкил этилди. Тадбир жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, аҳолига ҳуқуқий ахборотларни, шу жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва Ҳаракатлар стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини етказиш каби эзгу мақсадларни ўзида ифода этди.

«Адлия сайли» аҳолининг барча қатламларини қамраб олди. Жараёнда ҳуқуқий маълумотлар кенг тарғиб қилинди, аҳоли ижтимоий фаолликка чорланди. Уларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш мақсадида вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маслаҳат бурчаклари ташкил қилинди.

Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази, Самарқанд шаҳар 2-сон ҳамда Самарқанд туман ФҲДЁ бўлимлари томонидан давлат хизматлари сайёр тарзда кўрсатилиб, жами 42 та мурожаат ўрганилди. 120 нафардан ортиқ фуқароларга нотариуслар, адвокатлар, «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Немис, корейс ва бошқа миллат маданият марказлари вакиллари ижросида бадиий чиқишлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси сайилга ўзгача шукуҳ бағишлади.

— Биринчи гуруҳ ногирониман, — дейди самарқандлик ҳунарманд Умида Маҳмудова. — 3 йилдан бери ҳунармандчилик билан шуғулланаман. Қўл меҳнати бўлгани боис сайилда маҳсулотларимга қизиқиш катта бўлди. Мен ясаган маҳсулотлар бугунгача АҚШ, Россия, Қозоғистонга экспорт қилинган. Бугунги сайил эса ёш шогирдлар орттиришим учун ҳам хизмат қилди.

«Қорасув» маҳалласида яшовчи, 2003 йилда туғилган Фирдавс Сайдуллаев ота-онасининг беэътиборлиги сабаб шу пайтга қадар туғилганлик гувоҳномаси олмаганини маълум қилди. 19 ёшга кирган фуқарога шу жойнинг ўзида Самарқанд туман ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштирилиб, тантанали равишда топширилди. Энди Фирдавс бир неча йиллик муаммоси барҳам топганидан хурсанд. Гувоҳнома ёрдамида у шахсини тасдиқловчи паспорт олишга киришмоқчи.

Шунингдек, тадбиркор З. Самадов тузилган ижара шартномасини бекор қилиш бўйича нотариуслардан шу жойнинг ўзида амалий ёрдам сўради ва тадбиркорнинг мурожаати Тойлоқ туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Анвар Холмурадов томонидан кўриб чиқилиб, жойида нотариал ҳаракат амалга оширилди.

— Тадбир аҳоли билан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган ҳуқуқий масалаларни жойида ҳал қилиш имконини яратди, — дейди Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими О. Муҳаммадиев. — Сайил давомида нафақат адлия тизимидаги ташкилотлар, балки бугунгача бошқармага келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, турли ташкилот ва муассасалар ҳам жалб қилинган ва улар фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, оддий одамларнинг муаммоларига биргаликда ечим топишди.

Тадбир давомида қонун ҳужжатларига оид викторина тарзида савол-жавоблар уюштирилиб, фаол қатнашувчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг