Самарқанд яшилликка бурканмоқда

02:01 30 Апрель 2022 Жамият
856 0

Бугун Самарқанд шаҳрининг қайси кўчасидан юрманг, албатта, барқ уриб турган ранг-баранг гуллар ва илдиз отиб, аста-секин бўй чўзаётган дарахт ниҳолларига кўзингиз тушади.

Жумладан, айни шу онда шаҳарнинг Бўстонсарой кўчаси бўйлаб юзлаб лола, жўка ва эман дарахтлари кўчатлари экилаётгани гувоҳи бўлишингиз мумкин.

— Ушбу кўчанинг икки четига 5 мингга яқин манзарали дарахт, бута ва гул кўчатлари экдик, — дейди «Байтқўрғон Усмонова Наргиза» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Ҳожиакбар Эркинов. — Шунингдек, Рудакий кўчасида шумтол, Ибн Сино кўчасида магнолия ва лола, Афросиёб кўчасида акация дарахти кўчатлари ҳамда 750 туп ток экилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси асосида шаҳарда 563 минг туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатлари экиш режалаштирилган. Германия, Италия, Канада, Хитой, Нидерландия, Полша, Туркия, Швейцария ҳамда Япония давлатларидан олиб келинган бу ниҳоллар Тошкентдаги иссиқхоналарда ўстирилган ва иқлимга мослаштирилган.

Шаҳарда ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда кўчатлар танланиб, экиш ва томчилатиб суғориш, зараркунандалардан ҳимоя қилиш бўйича доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.

Мазкур гуруҳ томонидан март ойидан бошлаб шаҳар бўйлаб «Яшил ойлик» тадбири асосида ҳар бир маҳалла, кўча, ижтимоий соҳа муассасалари, ташкилот ва корхоналарда экилаётган дарахт ва буталар ҳисоби юритилмоқда. Улар томонидан бир турдаги дарахт кўчатлари экилган 5 та намунавий кўча ташкил этилган.

— «Байтқўрғон Усмонова Наргиза» фермер хўжалиги, «Флоренция Гарден» МЧЖ ҳамда «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» унитар корхоналари томонидан Ибн Сино, Афросиёб, Уста Умар Жўрақулов, Мирзо Улуғбек, Спитамен шоҳ, Беруний, Зарафшон шоҳкўчаларига дарахт ва буталар экилмоқда, — дейди Самарқанд шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси бошлиғи Ўткир Абсаломов. — Шунингдек, шаҳар халқ таълими ва тиббиёт муассасалари, ободонлаштириш бош­қармаси ишчилари томонидан 2 йил давомида парваришлаш шарти билан 349 минг туп шумтол, кипарис, магнолия, жўка, эман, оқ қайин, туя арчаси, қрим ҳамда элдор қарағайлари, лигструм, лола каби манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек боғини қайтадан реконструкция қилиш орқали жамоат паркини, Қорасув массивидаги 38 гектар ерда 8 минг туп манзарали дарахт кўчатларини экиб, «Янги Ўзбекистон» боғини барпо этиш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳридаги маҳаллаларда бўш майдонлар, кўп қаватли уйлар ва марказий кўчаларга туташ ҳудудлардаги 100 та бўш ер майдони ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун тегишли ташкилотларга бириктирилган.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер