Самарқанд вилоятида гилос экспорти ҳажми ошмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Булунғур туманида жойлашган «Самарқанд гарден пласт» корхонаси 2016 йилда ташкил топган бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини мавсумий экспорт қилиш билан шуғулланади. Корхона Европанинг энг илғор технологиялари билан жиҳозланган.
Кенг майдонларда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, қайта ишлаб, экспортга йўналтиришга мўлжалланган мазкур корхона томонидан шу бугунги кунгача 600 тонна маҳсулот хориж давлатларига чиқарилди. Маҳсулотлар орасида гулкарам, брокколи, булғор қалампири, шафтоли, гилос, олча ва бошқа турдаги мева-сабзавотлар бор.
Ҳозирда гилос экспорти авж паллага чиққан. 1000 гектар майдонда 15 хил навдаги гилос кўчатлари Греция давлатидан олиб келинган бўлиб, ҳар бир гектаридаги 1 минг 250 туп дарахтлар тўлиқ ҳосилга кирган. Ҳар бир дарахтдан 10-15 килограммгача, гектаридан 15-20 тоннагача қирмизи мева териб олинмоқда.
— Айни кунгача корхонамиз томонидан 100 тонна гилос Корея давлатига экспорт қилинди ва яна 1000 тонна гилос экспорти учун шартнома тузилган, — дейди корхона бош директори Фарҳод Қўчқоров. — Гилосни, шунингдек, Хитой ва Россия Федерацияси бозорларига етказиб бериш ҳам режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, «Самарқанд гарден пласт»нинг йил давомидаги даромади 30 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг