Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва фуқаролар мурожаатлари ижроси ўрганилди

11:29 15 Апрель 2026 Сиёсат
240 0

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев Самарқанд вилоятига хизмат сафари доирасида Нарпай туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишди.

Дастлаб сенатор халқ депутатлари Нарпай тумани Кенгаши котибиятида бўлиб, депутатларнинг ҳудудларда олиб бораётган ишлари, аҳоли билан мулоқотлари ҳамда эришилаётган натижалар юзасидан атрофлича фикр алмашди. Ҳудудда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди.

Маҳаллалардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни тизимли бартараф этишга қаратилган «Нарпай намунаси»га юқори баҳо берилиб, ушбу илғор тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, ижтимоий соҳа, хусусан таълим тизимидаги ислоҳотлар билан танишиш мақсадида тумандаги 69-сонли умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 2-сон техникум фаолияти ўрганилди. Таълим жараёнининг сифати, педагог кадрлар салоҳияти, ўқувчиларнинг билим даражаси ҳамда мавжуд муаммолар жойида таҳлил қилинди.

Учрашувлар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Хусусан, Сенатнинг 14-ялпи мажлисида қабул қилинган муҳим қонунлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шу билан бирга, Қўшработ тумани «Қийқим» МФЙда яшовчи фуқаро Х. Хатамовнинг Сенатга йўллаган мурожаати вилоят ташкилотлари масъуллари иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, мазкур масала юзасидан ишчи гуруҳ тузилди ҳамда вилоят ҳокимлиги, кадастр, прокуратура, адлия органлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Муҳокама якунларига кўра ишчи гуруҳга жорий йилнинг 17 апрелига қадар ўрганишларни якунлаб, асослантирилган таклиф ва хулосаларни тақдим этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер