Самарқанд ва Бухорода ер майдонлари олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

16:43 26 Март 2025 Жамият
253 0

Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ер майдонларини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қўшработ тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир чоғида фуқаро М.И. томонидан содир этилган қонунбузарлик ҳолати аниқланди.

Маълум бўлишича, М.И. фуқаро У.Т.нинг ишончига кириб, Қўшработ туманидаги «Ота» маҳалласи ҳудудида жойлашган давлат захирасидаги 2 гектар ер майдонини гўёки ўзининг шахсий мулки сифатида таништирган. У ушбу ер майдонини 100 миллион сўмга сотишга келишган ва ҳужжатларни кейинчалик расмийлаштириб беришни ваъда қилган. М.И. фуқаронинг ишончидан фойдаланиб, 100 миллион сўм пулни фирибгарлик йўли билан олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Бухоро шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Департаментнинг шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. томонидан амалга оширилган жиноий ҳаракатлар фош этилди. У фуқаро Ж.Р.га Вобкент туманидаги «Латиф Собунгар» маҳалласи ҳудудида 6 нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган 60 сотих ер майдонини гўёки «Ш.Ў.» фермер хўжалигига тегишли эканини айтган.

Ш.А. ушбу ерни гўёки кадастр бўлимида ишлайдиган танишлари орқали Ж.Р. номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 90 миллион сўм пулни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳар икки ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер