Самарқанд шаҳридаги айрим хонадонларни сув босиши тез-тез кузатилмоқда. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун нималар қилинмоқда?
Кейинги пайтларда содир бўлаётган кучли ёғингарчиликлар оқибатида Самарқанд шаҳридаги айрим хонадонларни сув босиши тез-тез кузатилмоқда.
Хусусан, шу йилнинг 6 апрель куни ёққан кучли ёмғир оқибатида Самарқанд шаҳридаги Чашмаи Хизр, Садриддин Айний, Регистон ва Даҳбед каби кўчаларидаги хонадонларга сув кириб, аҳоли хонадонларига жиддий зарар етказган эди.
Айниқса, жала оқибатида Истиқлол маҳалласи, Чашмаи Хизр кўчасида жойлашган ўнлаб уйларнинг ертўлаларини сув босди. Учта хонадоннинг қўшимча бинолари, 2 та хонадоннинг деворлари қулаб тушди. Шаҳарни кесиб ўтган “Чашма” ва “Сиёбча” коллектор-ариқларида тўпланиб қолган маиший чиқиндилар туфайли Регистон, Даҳбед, Рудакий кўчаларида катта миқдорда сув тўпланиб қолди.
Бунинг энг биринчи сабаби, аксарият уйларнинг ноқонуний равишда шаҳар архитектураси талабларига зид ҳолда сув бўйи ва ариқлар атрофи ёхуд уларнинг устида қурилгани ҳамда йўлдан пастлигида бўлса, иккинчи сабаби коллектор-ариқларга аҳоли томонидан мунтазам равишда кўплаб маиший чиқиндиларнинг ташланиши ва уларнинг тўпланиб қолганидадир.
Айни пайтда талафот оқибатларини бартараф этиш, келгусида шу каби сув тошқинларининг олдини олиш бўйича махсус ишчи гуруҳлари фаолият олиб бормоқда. Жумладан, Регистон ва Даҳбед кўчларида сув тўпланмаслиги учун ирригация тармоқларида зарур ишлар амалга ошириляпти.
Самарқанд шаҳар ҳокими ҳамда шаҳар прокурори ва тегишли ташкилотлар ташаббуси билан “Шаар” каналининг “Боғи Мирзо” ҳамда “Қўшчинор” маҳаллалари ҳудудидан ўтган қисмида ободонлаштириш ҳамда канал атрофида муҳофаза ҳимоя ҳудудини ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридан ўтган ариқ ва каналлар атрофи ва унинг устида қурилган бино ва иншоотлар бузилмоқда. Ўша ҳудудлардаги канал ва ариқлар эса кенгайтириляпти. Хусусан, “Чашма” коллекторининг “Мароқанд” маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмининг муҳофаза ҳудудида ноқонуний қурилган уйлар бузилади.
Мутахассисларнинг ўрганишлари натижасида Самарқанд шаҳри бўйлаб оқиб ўтувчи канал ва коллекторлар атрофида ноқонуний қурилган, бузилиши кўзда тутилаётган уйларнинг сони ҳозирги кунда 370 тани ташкил этади. Уларни бузиш юзасидан суд иши давом этмоқда.

Масъуллар шаҳар аҳолисини рухсат этилмаган ҳудудда қурилиш қилмасликка, акс ҳолда нафақат ўзлари, балки атрофларида яшайдиган одамларга ҳам зарар етказиб қўйишлари мумкинлигини тушунтиришяпти.
Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг