Самарқанд шаҳрида юқори даражадаги халқаро аёллар форуми ўтказилади
Жорий йилнинг 22-23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар тажрибаси” мавзусида юқори даражадаги халқаро аёллар форуми ўтказилади.
Форумнинг асосий мақсади – оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва тажриба алмашишдир.
Форумнинг қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасидаги эришилган ютуқлар ва ташаббусларни кўриб чиқиш;
хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг илғор тажрибаси, амалиёти ва инновацион ёндашувлари билан танишиш ва кенг фойдаланиш;
иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
гендер сиёсатининг турли соҳалари бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш;
хотин-қизларнинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш, замонавий таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини оширишдаги иштирокини кенгайтириш;
Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тақдимотлар қилиш.
Форумдан қуйидаги натижаларга эришиш кутилмоқда:
Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг барқарор ривожланишида хотин-қизларнинг роли ва ўрнини оширишга қаратилган янги ташаббус ва таклифлар илгари сурилади;
оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамият ҳаёти ва давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш, тадбиркорлигини ривожлантириш, оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат, нотижорат ташкилотларнинг иштироки каби йўналишларда ижобий тажрибалар алмашинилади.
аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Форумда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош Котибияти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Аёллар тараққиёти ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси
ва тузилмалари мутасаддилари ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича шуғулланувчи давлат органлари раҳбарлари, Ҳукумат вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг