Самарқанд давлат университети — Марказий Осиёдаги ноёб олий таълим даргоҳи

19:59 26 Сентябр 2023 Жамият
1977 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Самарқанд давлат университети — нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг ноёб ва ўзига хос тарихга эга бўлган университетларидан бири. Кейинги йилларда ушбу таълим масканида илм-фан ютуқларини эгаллаш жараёнлари янада кенгайиб, жаҳоннинг олтмишдан ортиқ давлатларидаги 200 га яқин нуфузли Олий таълим муассасалар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Университетда 8 та халқаро марказ, жумладан Корея таълим маркази, Россия таълим маркази, Япония таълими ва маданияти маркази, Сампус франс тил маркази, инглиз таълим маркази, Ҳиндистон таълими ва маданияти маркази, Озарбайжон маданияти маркази, Туркология илмий тадқиқот институти фаолиятлари йўлга қўйилган. Ушбу марказларда Самарқанд давлат университети жамоасидан ташқари бошқа олий ўқув юрт талаба ва тадқиқотчиларининг фойдаланиш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган.

Бу ердаги қулай шарт-шароитлар туфайли қўшни давлатлардан таҳсил олиш учун келаётган тлабалар сони йил сайин ортиб бормоқда. Биргина мисол: ҳозирда университетда, Россия, Тожикистон, Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси, Покистон, Япония, Польша, Украина ва Туркманистон каби давлатлардан бакалавриат, магистратура ҳамда докторантура босқичларида тадқиқотчилар ва талабалар таҳсил олмоқда.

Айни пайтда Россия Федерацияси, Франция, Руминия, Туркия, Германия, Исроил каби давлатларнинг нуфузли университетлари ва ташкилотлари билан тузилган ўзаро келишувга кўра, университетнинг 40 нафар профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари, 81 нафар таянч докторант ва талабалари хорижий илмий стажировка ва малака ошириш курсларига таҳсил олиш учун жўнатилди.

Таълим сифатини яхшилаш — бош мақсад

Самарқанд давлат университетида малакали мутахассислар етиштиришга ҳамда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис хорижий Олий таълим муассасалари тажрибасидан унумли фойдаланиш жараёни кенг тарғиб қилинмоқда.

Жумладан, 2019 йилдан бошлаб бу ерда Халқаро таълим дастурлари маркази иш бошлади. Уларда Хитой, Жанубий Корея, Исроил, Россия, Ҳиндистон, Беларус каби ривожланган давлатларнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган.

Хитойнинг Шанси Нормал университети, Жанубий Кореянинг Сунчонхян ҳамда Ёунгнам университети, Исроилнинг Холон технология институти, Россиянинг Станкин Москва давлат технологиялар университети, Томск давлат университети, Россия давлат гуманитар университети ва Шимолий Кавказ Федарал университетлари, Ҳиндистонинг Чадигарҳ университети, Беларус миллий техника университети билан ҳамкорликда, 10 та бакалавриат йўналишлари ва 12 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу университетларда ҳозирги кунгача қўшма таълим дастурлари асосида 250 нафарга яқин талабалар таҳсил олишмоқда.

Университетнинг илмий салоҳияти ҳам йил сайин ортиб боряпти. Масалан, 2017 йилдан бошлаб турли йўналишларда илмий изланиш олиб бораётган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга етарли шароит яратиш, уларнинг илмий лойиҳаларни ривожлантириш, амалиётга тадбиқ этиш борасида ўзига хос мезонлар ишлаб чиқилди.

Шу боис кейинги йилларда фалсафа доктори (PhD) ва фан докторлиги (DSc) илмий ишлари ҳимояси ниҳоятда самарали бўлаётир. Ҳозирда ёш олимларга 11 та илмий кенгашлар хизмат кўрсатмоқда. Мутахассисларнинг фикрича бугунга келиб, университетинг илмий салоҳияти 44,7 фоиздан 65 фоизга кўтарилган.

Обод бўлаётган зиё маскани

Маълумки, таълим сифатини яхшилаш, илмий салоҳиятни юксалтириш жараёнлари университетнинг моддий-техник имконияти билан бевосита боғлиқдир. Шу боис, университет ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов раҳбарлигида бу қутлуғ даргоҳда ўтган 6 йилда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, 2017 йилдан бошлаб Самарқанд давлат университетида кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари бошлаб юборилди. Самарали меҳнат туфайли қисқа вақт мобайнида 10 дан зиёд замонавий ўқув бинолари ва лабораториялар қурилиб фойдаланишга топширилди. Эски бинолар эса қайта таъмирланди. Ваҳоланки, 2017 йилгача бўлган сўнгги 50 йил ичида Самарқанд давлат университетида фақат битта бино қурилган эди холос.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, университетнинг биология факультети ҳовлисида 250 ўринга мўлжалланган Виварий ва 150 ўринга мўлжалланган Гербарийлар лабораториялари, 400 ўринли маърузалар зали, Оранжерия ҳамда 150 ўринли ошхона-кафе, Кимё факультетининг 700 нафар талабага мослаштирилган ўқув биноси, Бош бино ҳовлисида 1450 ўринли маърузалар ўқув биноси ва 200 ўринга мўлжалланган талабалар тураржойи ҳамда давлат-хусусий шериклиги асосида 400 ўринли талабалар тураржойи бинолари ҳам қурилиб фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Физика, Психология, Тарих, Филология, Интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетларининг ўқув бинолари, Ядро-физика лабораторияси ҳамда университетнинг Ургут филиали биноларида таъмирлаш ишлари амалга ошрилди. Ботаника боғи ҳудудидаги мавжуд ўқув бинолари эса жорий таъмирдан чиқарилди.

Айни кунларда Жомбой туманида жойлашган Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ҳудудида 400 ўринга мўлжалланган талабалар тураржойи ва бош бино ҳовлисида 1500 ўринли ўқув биносини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бундай бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, университетдаги 10 дан зиёд илмий лабораториялар фаолияти ислоҳ қилинди ёки аввалдан мавжуд бўлганлари бутунлай янгиланди. Молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар илмий лабораторияси, Биологик фаол бирикмалар синтези, Газлар таҳлили, Хроматография, Агробиотехнологиялар трансфери, Амалий механика, Квант электроника ва ночизиқли оптика, Молекуляр люминесценция ва фотокимё, Молекуляр спектроскопия, Конденсирланган ҳолат физикаси, Ядро физикаси, Астрономия каби лабораториялар фаолиятини мукаммалаштириш жараёнларига жиддий эътибор қаратилди.

Эътиборлиси, ушбу илмий масканлар замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди.

Хорижликлар эътирофи

Таълим муассасасининг илмий салоҳияти юксалгани сари хорижий давлатлардаги нуфузли таълим ташкилотлари ва етук илм-фан номоёндаларининг бу қутлуғ даргоҳга қизиқиши ортиб бормоқда. Улар айнан қадим Самарқанднинг илм бешиги ҳисобланган ушбу дорилфунунда илмий маърузалар қилишни ўзларига шараф деб билишади.

Шу боис университет ректорати ташаббуси билан биргина жорий йилда 10 га яқин халқаро конференция ва илмий анжуманлар ўтказилди.

Уларда Нобел мукофоти лауреати Азиз Санжар, Туркиянинг ТУБИТАК фонди президенти Ҳасан Мандал, Америка Қўшма Штатларининг Далласдаги Техас университети қошидаги Нанотехнология институти директори ўринбосари, Корея физиклар жамиятининг (КПС) президенти Суклюн Ҳонг, Россия Фанлар академияси Урал бўлими Физика институти илмий раҳбари, академик Владимир Устинов каби дунё тан олган нуфузли олимлар, халқаро йирик ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Ушбу халқаро конференцияларнинг амалий натижаси сифатида ўнлаб илмий тадқиқотлар, халқаро грантлар, илмий стажровкалар олиб борилмоқда. Шунингдек, илмий тадқиқот марказлари ташкил этилмоқда.

Масалан, жорий йилнинг май ойида ўтказилган “Нанофотоника, метаматериаллар ва фотовалтаика” номли халқаро конференциянинг амалий натижаси сифатида Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида “Квант маркази” ташкил этилди.

Ушбу марказининг асосий вазифаларидан бири қуёш энергиясини электр энергияга айлантириш ҳамда пероксидлар асосидаги квант кубитлар учун материаллар синтез қилишдан иборат. Мазкур марказ фан ва технологияга интеграциялашган бўлиб, талаба ва тадқиқоқтчилар ўзларининг илмий ишларини олиб борадилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Самарқанд давлат университетидаги «Квант» маркази Марказий Осиёда ягона бўлиб, бир қатор нуфузли олимлар Самарқандга келиб, марказдаги лабораторияларда ўз илмий фаолиятини олиб бориши, янги-янги кашфиётлар яратиши мумкин.

Юзага чиққан ютуқлар

Мамлакатимиз раҳбарияти томонидан университет нуфузини янада оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд давлат университети физика факультети негизида Муҳандислик физикаси институти ташкил этилди. Айнан шу тарихий ҳужжатга кўра, агробиотехнологиялар факультети негизида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти иш бошлади.

Бу ердаги ўқитувчи-профессорлар ва тадлабалар қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги, мева-сабзовотчилик ва узумчилик, ўрмончилик ва аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш, иссиқхона хўжалигини ташкил қилиш, доривор ўсимликларни етиштириш технологияси йўналишлари бўйича илмий амалий ишлар олиб бормоқда.

Айнан 2022 йилда биология факультетида биофизиологик ва биокимёвий тадқиқотларни амалга ошириш имконини берувчи замонавий Виварий илмий лабораторияси ишга туширилди.

Бундан ташқари, жорий йилда Молекуляр биотехнология ва замонавий ботаник тадқиқотлар илмий лабораторияси ҳам фойдаланишга топширилди. Бу илм масканларининг барчаси Америка Қўшма Штатлари, Россия, Туркия, Хитой, Венгрия, Япония, Украина, Германия каби давлатлардан келтирилган замонавий жиҳозлар билан таъминланди.

Биргина Кимё факультетидаги Нобел мукофоти лареати Азиз Санжар номидаги замонавий тадқиқот усуллари асосида газлар анализи, биофаол бирикмалар синтези илмий лабораториялари фаолиятининг таҳлили яқин келажакдаги катта ютуқлардан дарак бермоқда.

Ёш олим ва талабаларнинг илмий изланишлари натижасида онкология касалликлар учун биофаол перепаратлар синтези, турли заҳарли ва портловчи газлар учун кимёвий сенсерлар ишлаб чиқиш, саноат миқёсида турли органик моддалар олиш технологиясини ишлаб чиқиш, турли функцияларга эга наноматериаллар синтези ва тадқиқоти каби бир неча йўналишлардаги замонавий тадқиқотлар бўйича амалий натижаларга эришилди.

Шу боис, Америка Қўшма Штатлари, Туркия, Германия, Қозоғистон, Россия, Хитой, Индонезия, Малайзия каби давлатларнинг нуфузли олимлари билан ҳамкорлик муносабатлари юзага келди. Бир қарашда оддий ҳисобланган бу жараёнлар негизида илм-фаннинг мисли кўрилмаган ютуқлари яширинган, десак, айни ҳақиқатдир.

                                              

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(“Халқ сўзи).

Монтаж ва тасвирлар устаси

Акмал Муҳаммадиев (Халқ сўзи).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер