Самарқанд давлат университети доценти халқаро лойиҳада қатнашмоқда
Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси доценти Шуҳрат Валиев Ҳиндистонда ўтказилаётган «Барқарор экотизимлар ва жамиятлар учун табиатга асосланган ечимлар» номли халқаро лойиҳада иштирок этмоқда.
Мазкур лойиҳа БМТ ва Ҳиндистон ўрмон хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, унда 15 давлатдан 19 нафар олим қатнашмоқда. Ушбу нуфузли анжуман экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, иштирокчилар ўз мамлакатларида юзага келаётган экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича илмий тақдимотлар билан қатнашмоқдалар.
Шуҳрат Валиев мазкур халқаро тадбир доирасида «Ўзбекистон яйловлари ва чўлланиш муаммолари» мавзусида тақдимот қилишни режалаштирган. Тақдимотда Ўзбекистон ҳудудида кузатилаётган чўлланиш жараёни, унинг сабаб ва оқибатлари, яйловларнинг деградацияси ва уларнинг тикланиши учун қўлланилаётган экологик чора-тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритилади.
Шунингдек, Шуҳрат Валиев тақдимоти давомида Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига мослашиш стратегиялари, барқарор экотизимларни сақлаш ва табиатга асосланган инновацион ечимлар тўғрисида ҳам маълумот бериши кутилмоқда. Ушбу маърузалар халқаро экспертлар томонидан муҳокама қилиниб, экологик муаммоларни ҳал этишда янги ёндашувларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Самарқанд давлат университети доцентининг ушбу илмий лойиҳа доирасидаги иштироки мамлакатимиз экология соҳасидаги илмий ютуқларини халқаро майдонда тарғиб этиш, хорижий олимлар билан илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва экологик муаммоларни ҳал этишда илғор тажрибаларни ўзлаштириш учун муҳим аҳамият касб этади.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг