Самарқанд давлат тиббиёт университетида тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг IV Халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди

17:59 18 Декабрь 2023 Жамият
768 0

Фото: "Халқ сўзи"

Самарқанд давлат тиббиёт университети (СамДУ)да анъанага айланиб улгурган “Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг IV Халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди.

Билимлар беллашувида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Беларусь, Украина каби жаҳоннинг ўнга яқин давлатларидаги 84 та тиббиёт олийгоҳларидан 670 нафар талаба offline ва 4141 нафари эса online тарзда ўз имкониятини синаб кўрди. Шунингдек, олимпиадада хорижий тиббиёт муассасалари ректорлари ҳамда 80 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев тўртинчи бор ташкил этилган мазкур нуфузли мусобақа нафақат талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг билим ва малакаларини синовдан ўтказиш ва уларни муносиб тақдирлашга балки, халқаро дўстона муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши ҳамда тиббиёт соҳасида жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари билан янгидан янги ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилишига замин яратишини таъкидлаб, барча олимпиада иштирокчиларига омад тилади.

Олимпиада доирасида бир гуруҳ хорижий давлат олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларига СамДТУ ректори Жасур Ризаев томонидан университетнинг “Самарқанд давлат тиббиёт университети фахрий профессори” унвони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаккурномалари топширилди.

Жумладан, Беларуснинг Витебск давлат тиббиёт университети ректори Чуканов Алексей Николаевичга “Самарқанд давлат тиббиёт университети фахрий профессори” унвони, Санкт-Петербург Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси ўринбосари Терешин Алексей Евгеневич ва Туркия Соғлиқ билимлари университети ректори Камалеттин Айдинга Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаккурномалари топширилди.

Шунингдек, СамДТУ талабалари учун чет эллик ва республикамизнинг етакчи мутахассислари томонидан замонавий тиббиётда фундаментал фанлар, илмий тадқиқот усуллари ва бошқа долзарб масалаларга бағишланган ўттизга яқин мастер-класслар, бакалавр, магистр ҳамда клиник ординаторлар учун хорижий тиббий ОТМлари ректорларининг маърузалари ҳам ташкил этилди.

“Самарқанд-2020” тиббиёт олийгоҳлари талабаларининг IV-Халқаро олимпиадасида иштирок этувчилар икки босқичда, тест синовлари ва амалий кўникмаларини намойиш этиш орқали беллашадилар. Шу билан бир қаторда анъанавий тарзда қатнашаётган 670 нафар талаба ўз амалий билимларнинг жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи 7-авлод симулиацион роботлари орқали синовдан ўтказдилар. Олимпиада ўз ишини ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борди.

Шунингдек, илк бор Ўзбекистоннинг Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ва хорижий тиббиёт коллежларининг ўқувчилари ўрасида халқаро олимпиада ташкил қилинди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар, фаол иштирок этган ва номинация бўйича ғолиблар, деб топилган иштирокчилар диплом, сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер