Самарқанд давлат тиббиёт университети Венгрия олийгоҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди

14:33 18 Март 2026 Жамият
202 0

Жорий йилнинг 5-7 март кунлари Самарқандда «Рақамли даврда олий таълим: сунъий интеллект, инновацион моделлар ва глобал рақобатбардош университетлар» мавзусидаги Ўзбекистон — Венгрия ректорларининг учинчи форуми бўлиб ўтди.

Форум доирасида замонавий олий таълимни ривожлантириш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган параллель сессиялар ҳамда Ўзбекистон ва Венгриянинг етакчи университетлари ректорлари ҳамкорлигининг устувор йўналишлари — муҳандислик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, тиббиёт ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар алмашинувини фаоллаштириш, қўшма илмий марказлар ташкил этиш каби масалаларда муҳокамалар ўтказилди.

Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шу жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори, профессор Жасур Ризаев ҳамда Венгрия Ректорлар конференцияси президенти, Семмелвейс университети ректори Бела Меркели иштирокида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Форумнинг якуний қисмидан сўнг Венгрия Ректорлар конференцияси президенти, Семмелвейс университети ректори Бела Меркели Самарқанд давлат тиббиёт университетига ташриф буюрди. Ташриф доирасида нуфузли меҳмон университет ва унда яратилган, шароитлар, таълим шакли билан танишиб, мавжуд тизим ва университет фаолиятига юқори баҳо берди.

Шунингдек, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш билан боғлиқ қатор масалалар кўриб чиқилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер