Самарқанд давлат чет тиллар институтининг минг ўринли ўқув биноси фойдаланишга топширилди
Фото: Халқ сўзи
12 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олаётган Самарқанд давлат чет тиллар институтида бугунги кунда 6200 ўринли саккизта ўқув биноси мавжуд.
Куни кеча фойдаланишга топширилган яна минг ўринли янги ўқув биносини замон талабларига мос тарзда реконструкция қилишга 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Эндиликда бу ерда инглиз филологияси ва таржимашунослик факультети талабалари барча қулайликларга эга аудиторияларда сабоқ олади.

Шу ўринда айтиш керакки, Самарқанд давлат чет тиллар институти мамлакатимизда ўзини ўзи молиялаш тизимига ўтган дастлабки олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.
— Тизимда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар сабаб бугунги кунда ўз маблағларимиз ҳисобидан янги бино қуриш ёки уларни таъмирлаш, талабаларимизнинг сифатли таълим олиши учун қулай шароит яратиш имкониятимиз ортмоқда, — дейди мазкур институт ректори Илҳом Тўхтасинов. — Бунинг натижасида ўтган 2022 йилда 12 миллиард сўм маблағ эвазига 288 минг нусхадаги илмий, ўқув ва хорижий адабиётлар билан бойитилган ахборот-ресурс марказини бунёд этдик. Минг ўринли ўқув биномиз таъмирланди. Шунингдек, 32 миллиард сўм сарфланиб, 600 ўринли талабалар турар жойи қурилди, 200 ўринли талабалар турар жойи мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Яна бир янгилик. Айни пайтда институт ҳудудида яна 2 минг ўринли ўқув бинолари қурилмоқда. Уларни келгуси ўқув йилида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг