Саломатлик ва келажакка ишонч асоси
Мамлакатимизда ёш авлод — келажагимиз бунёдкорларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
Президентимизнинг 2022 йил 20 июндаги «Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида аҳоли ўртасида дзюдонинг олимпия спорт тури сифатида оммавийлигини ошириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини такомиллаштириш, миллий терма жамоаларнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
Мазкур қарорда мактабгача таълим муассасаларида «Мактабгача дзюдо» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
Нукус шаҳрида 2022 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган 120 ўринли 60-мактабгача таълим муассасасида «Мактабгача дзюдо» тўгараги ташкил этилган бўлиб, унда етакчи мураббийлар фаолият олиб бормоқда. Асосий мақсад болаларнинг спортнинг дзюдо турига қизиқишини ошириш ҳамда жанг санъатининг ушбу тури бўйича бошланғич кўникмаларни шакллантиришдан иборат.

Аслида ҳам, кимки спортга ошно бўлса, ўз саломатлиги учун доимо қайғурса, у албатта, соғлом бўлади. Шу боис, болажонлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун шароитлар яратиш мақсадида муассасада дзюдодан ташқари, гимнастика, шашка, расм чизиш ва бошқа бир неча тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунга келиб дзюдо тўгарагида 20 нафар тарбияланувчи мунтазам шуғулланиб келмоқда. Келажакда улар орасидан Осиё, жаҳон ва Олимпиада чемпионлари етишиб чиқишига ишонамиз.
Дзюдо якка кураш спорт тури оммавийлиги бўйича дунёда футболдан кейинги ўринда бўлиб, илк бор 1964 йили Токиода ўтган XVII ёзги Олимпиада дастурига киритилган эди. Ўшандан бери ҳар тўрт йилда Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқлаб келинади.
Бугунги кунда дунё бўйича 30 миллиондан зиёд киши дзюдо билан профессионал тарзда шуғулланади. Уларнинг 9 миллионга яқини дзюдо ватани — Японияда истиқомат қилади. Икки юзга яқин давлат Халқаро дзюдо федерацияси (IJF)нинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.

Дарҳақиқат, дзюдочиларимизнинг турли нуфузли мусобақаларда эришаётган улкан натижаларининг мақтанса арзигулик салмоғи бор. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбекистон спорт делегациясига илк медални ҳам айнан дзюдочиларимиз тақдим этган. «Атланта-96» Олимпиадасида Армен Багдасаров кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Абдулла Тангриев кумуш, Ришод Собиров учта бронза медалини қўлга киритди. 2016 йилги Рио Олимпиадасида Диёрбек Ўразбоев бронза медали билан тақдирланди. Бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам ҳар йили 28 октябрда Бутунжаҳон дзюдо куни кенг нишонланади.
Умуман, юртимизда ёшларимизнинг ҳар томонлама соғлом камол топиши, замонавий билимларни эгаллаши, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилган. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар спорт соҳасидаги фаолиятимизни амалга оширишда дастуриламал бўлаётир.
Бу фарзандларимизнинг жисмоний тарбия ва спортга қизиқиши янада ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ўғил-қизларимизни жисмонан соғлом, руҳан тетик, иродаси мустаҳкам ҳамда уларнинг онгида ватанпарварлик, юртга садоқат, ғалабага интилиш фазилатларини тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Венера УТEШОВА,
Нукус шаҳридаги 60-мактабгача таълим муассасаси директори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг