Салбий одатларнинг болалар саломатлигига таъсири қандай?
Иллюстратив фото
Мамлакатимизда сўнгги йилларда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017 — 2022 йилларда оналар ўлими кўрсаткичи 1,5 бараварга, гўдаклар ўлими эса 1,3 бараварга камайишига эришилди. Бу масала бўйича мамлакатимизда бир қанча қарорлар ва қонунлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан “Она ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида ҳам бу масалага жуда катта эътибор қаратилган. Чунки соғлом онадангина соғлом фарзанд дунёга келиши мумкин.
Болалар саломатлигига таъсир этувчи омиллар икки қисмга: биринчиси эндоген, иккинчиси экзогенга бўлинади . Эндоген омилларга ирсий ёки туғма омиллар – турли ирсий касалликлар, муддатдан олдин туғилишлар кирса, экзоген омиллар эса ўз ичига табиий, ижтимоий омилларни олади.
Табиий омилларга — табиий муҳит, иқлимнинг ўзгариши ва бошқаларни киритишимиз мумкин. Атроф-муҳитимизнинг табиий ҳолати илмий техника революцияси, шаҳарлар кўпайиши, қишлоқ-ҳўжаликни кимёлаштирилиши ва бошқа омиллар сабабли экологик мувозанатининг бузилишига олиб келди. Бундай дисбаланс ҳолат ижтимоий саломатликка сезиларли даражада таъсир қилади.
Бугунги кунда ҳам табиий, ҳам техноген омиллар ёки аҳолини нотўғри турмуш тарзи натижасида болаларнинг ривожланишида турли патологик ҳолатларни юзага келтирмоқда. Бугунги кунда юқумли касалликлар эмас, турли нейроген бўлган касалликларнинг сони ошиб бормоқда. Кўпайиб бораётган асаб-руҳ тарангланишларини олдини олиш учун инсон кўпроқ табиат билан мулоқотда бўлиши зарур.
Табиат даргоҳида дам олганда одамнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий чарчоғи ёзилади, кучлар тикланади, иш қобилияти ошади. Табиат барча дориларни ўрнини босиш мумкин, лекин ҳеч қайси дори табиатни ўрнини боса олмайди. Шунинг учун сиҳат-саломатлик давлат дастурида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик меъёрларини татбиқ этиш, аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ижтимоий омилларга — иқтисодий шароит, ижтимоий тузум, меҳнат қилиш ва бошқаларни киритишимиз мумкин. Ижтимоий муҳит мураккаблашуви натижасида турли руҳий стресслар бўлиши одамларда руҳий табиатига эга бўлган касалликларнинг сонини ортиб боришига олиб келди. Кейинги йилларда тиббиёт ходимлари ҳамма касалликларнинг асосида стресс ётишини таъкидлашмоқда.
Айниқса, руҳий стресс (хафа бўлиш, суюниш, аччиқланиш)ларнинг оқибатида пайдо бўлган касалликлар кўпайиб бормоқда. Демак, жамиятда, маҳаллада ва оилада меъёрий руҳий иқлим ҳам саломатликка катта таъсир кўрсатувчи кучдир. Бу омиллар на фақат соғлиқ ҳолатига, балки болаларда турли соҳаларга қизиқишларни уйғотишга ва ривожланишга имконият беради.
Ижтимоий омиллардан санитария-гигиена турли касалликларни олдини олишда муҳим омиллардан биридир.
Тиббиёт фанидаги тадқиқотлардан маълум бўлишича, агар одамнинг соғлиғи 100 % деб олинса, унинг 50 % турмуш тарзига, 20 % насл хусусиятларига боғлиқ бўлади.
Россияда ўтказилган тадқиқотларда жами 686 та (308 та қиз, 378 та ўғил болалар) болалар ўртасида анкеталар асосида олиб борилган сўровномаларда қизларнинг 42,2% и сигарет чекишни (жумладан электрон сигарет) синаб кўрган бўлиб, улардан 17,5% и чекишни давом эттириб келаётганлиги аниқланган.
Қизларни чекиши кўпинча 13-17 ёшдан бошланиб, 15 ёшга етганда энг юқори кўрсатгичга етади. Ўғил болаларда эса бу кўрсатгич 45,0 %ни ташкил қилиб, улар чекишни дастлаб синаб кўрганлар ҳисобланади. Уларни орасида доимий чекишга ўтганлар 24,3 %ни ташкил қилган.
Ўғил болаларда чекишни бошлаш асосан 10-17 ёш бўлиб, энг юқори кўрсатгичга чиқиши 14-16 ёшга тўғри келган. Афсуски, бизда ҳам мактаб ёшидаги болаларда бу одатлар кам эмас. Ҳозирда айниқса ёшлар орасида электрон сигаретларни оммалашаётгани албатта салбий ҳолат ҳисобланиб, болаларни саломатлигида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Техника ривожланганлиги туфайли жисмоний меҳнатга эҳтиёж борган сайин камайиб бориб, ҳаракат пассивлиги гиподинамия, соғликка салбий таъсир кўрсатувчи энг кучли ва кенг тарқалган ҳолат келтириб чиқаради. Шаҳар ва қишлоқлар борган сайин шароитларни яхшиланиши, иш унумини ошириш ва вақтни тежаш кўпчиликка маъқул ҳисобланади, аммо бундай қулайликларнинг дарров кўзга ташланмайдиган аянчли ва ташвишга соладиган бошқа томони ҳам бор.
Қулай шароитда яшаётганлиги учун, одамлар, жумладан болалар, кам ҳаракатланиб, бу ҳолат улар учун меъёр бўлиб, одатга айланиб қолмоқда. Натижада табиий равишда гиподинамия билан боғлиқ бўлган касалликлар – биринчи навбатда юрак-томир, асаб ва суяк-мускул касалликлари тобора кўпаймоқда. Организмнинг кислород билан таъминланиши камайиб бориб, қон томирлар таранглиги ўзгармоқда.
Ҳозирги кунга келиб болалар ўртасида мобил телефондан фойдаланувчиларни сони йилдан йилга ошиб бораётгани сир эмас. Бу мобил телефонларни жуда кўп қулайликлари бор албатта. Аммо Европалик олимларнинг таъкидлашларига қараганда, 3 фоиз одамлар юқори электросезувчанлик ҳолатидан азият чекадилар. Бу дегани ушбу инсонларнинг организми электромагнит тўлқинларга ўта сезгир ҳисобланади. Бу хилдаги тўлқинлар биринчи галда болаларда лейкемия, катаракта, мия ўсмасини келтириб чиқаради, қон-томир ва асаб тизими фаолиятини бузади, бу ўз навбатида ДНК таркиби бузилишига ҳам олиб келиши мумкин.
Маълум бўлишича, 1 мгтс ва ундан юқори радио тўлқинлари тўқималарни қиздириш хусусиятига эга. Ҳатто магнит майдони айрим бир бўлак тўқималарнинг ҳароратини 100 С гача кўтариши мумкин экан. Бу ўз навбатида ҳомиладор она қорнида фертиль фаолиятини бузади ва гармонал фонни издан чиқаради. Европа мамлакатларида нурланиш даражасининг рухсат этилган меъёри 2 Вт/кг, айнан ана шу даража тўқималарни қиздирмайди. Мобил телефонларнинг зарари тўғрисида аниқ далиллар бўлмасада, унинг организмга хавфи кундан-кун ошаётганлигини дунё олимлари ва тиббиёт ходимлари маълум қилмоқдалар.
Мобил телефонлардан нурланишга, айниқса, болалар таъсирчандир. Олимлар, мобил телефонлардан фойдаланган болалар, хотира ва уйқу бузилиши хавф-хатарига кўпроқ дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар. Уларнинг асосий сабаби, суст ҳаракатдаги электромагнит тўлқинларининг боланинг кичкина ва нисбатан ингичка мия қобиғига кириб бориши билан тушунтирилади.
Олимларнинг аниқлашларича, мобил алоқа — инсон организми учун зарарли бўлган электромагнит нурланиш манбаи ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб, электромагнит тўлқинлар ҳужайра даражасидаги ўзгаришларни рағбатлантириб, ген тартибидаги бузилишларга, ҳамда касал ҳужайралар ва ўсимталарнинг пайдо бўлишига сабаб бўлаётганлиги исботланган.
Айрим маълумотларга қараганда, бугун дунёда 4,6 млрд. абонент мобил телефондан фойдаланади. Айниқса, кейинги йилларда уяли алоқа воситаси нафақат гаплашиш, балки бошқа мақсадлар учун ҳам ишлатилмоқда.
Электромагнит тўлқинлардан нурланишнинг салбий таъсири тўғрисида кўплаб тадқиқот натижалари маълум қилинмоқда.
Масалан, ирландиялик тиббиёт ходимлари маълумотларига қараганда, мамлакатда мобил телефон ишлатувчиларнинг ҳар 20 нафаридан бири унинг зараридан азият чекар экан. Улардаги асосий клиник белгилар қуйидагилар, яъни чарчаш, фикрлашда чалкашлик, бош айланиши, уйқусизлик ёки унинг бузилиши, кўнгил айнаши, терида сезгирлик ошиши билан кузатилмоқда.
Англиялик олимлар ҳам телефоннинг организмга зарари тўғрисида амалга оширган илмий изланишлари маҳсули сифатида, унинг зарари биринчи галда терида экзема, астма, қон ҳужайралари бузилиши, эркаклик фаолиятига, айниқса ўсувчи организмга салбий таъсири тўғрисида маълумот берадилар.
Финландиялик олим Кари Ёкела (Кари Жокела) телефондан нурланиш биринчи галда ҳужайралар фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида ёзади. Россиялик олимлар сичқонларда ўтказган тадқиқотлари жараёнида мобил телефонидан одатдагига қараганда 20 баробар нурланишни кучайтирганда, уларнинг кўриш қобилиятларига жуда ёмон таъсир кўрсатганлиги тўғрисида ёзадилар.
Лондонда чиқадиган Independent газетасида доктор Вини Курана мобил телефоннинг салбий таъсири туфайли юзага келаётган мия раки тўғрисида ўз фикрини билдириб, уни “Ҳукм” дея атайди. Агар бундай ҳолатларга чора кўрилмаса, яқин 10 йил давомида бутун дунё бўйича хавфли ўсма касаллиги кўрсаткичи ўсиши мумкинлигини огоҳлантирмоқда.
Жаҳон миқёсида 1,6 млрд. аҳоли чекса, 4,6 млрд. аҳоли мобил телефонидан фойдаланмоқда. Ушбу салбий таъсир болаларда кўпроқ кузатилади, сабаби – биринчидан бола мияси кичкина, иккинчидан бош суяги ҳали мўртроқ, учинчидан эса фаол ривожланиш даврида бўлади.
70 фоиз телефондан фойдаланувчилар кунига 30 дақиқадан кўп гаплашадилар. 30 фоиз киши 2 тадан телефон олиб юради. 40 фоиз одам кечаси ухлаганда телефонни тананинг бош қисимидан 70 см. узоқликда сақлайди. Атиги 20 фоиз фойдаланувчи унинг зарари тўғрисида билади. ХХ
Агар эътибор берсак ҳозирги кунга келиб болалар мобил телефонларидан асосан турли ўйинларни ўйнашда фойдаланмоқдалар. Мутахассисларни фикрича болалар орасида “Сефровой аутизим” касаллигига чалиниш ҳоллари кузатилиб, умуман ташқи муҳитда бўлаётган янгилик ва ўзгаришларга эътиборсиз эканлигини кўришимиз мумкин. Бундай болаларда невроз касаллигини турли кўринишлари намоён бўлиши мумкин.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, болалар ўртасида йилдан йилга ортиб бораётган салбий одатларни олдини олиш ва етарли тушунтириш ишларини олиб бориш керак. Чунки бу салбий одатларни салбий таъсирини ҳеч ким инкор эта олмайди. Шунинг учун ўсиб келаётган ёш авлодни бу одатларни зарарларидан ҳимоя қилишимиз даркор.
Иродахон Каримова,
ЎзМУ Биология факультети доценти,
Зуҳрахон Холбўтаева,
Чирчиқ шаҳар касб-ҳунар мактаби биология фани ўқитувчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг