Саксовулзорлар мувозанати

18:05 03 Декабрь 2021 Жамият
1195 0

Фото: «Халқ сўзи»

Сайёрамиздаги ҳар бир жонзот ва  ҳар бир гиёҳнинг ўз ўрни бор. Табиат  улар миқдорини шу даражада мукаммал белгилаганки, заррача оғиш  бир қатор ташвишларни туғдиради. Бир сўз билан айтганда,  мутаносиблик кўзимизга кўринаётган ва кўринмаётган барча моддиятга, жумладан, саҳрои биёбонларга ҳам зарур.

Қизилқум биёбонлари Навоий вилояти ҳудудида саккиз миллион гектардан ошиқ майдонни ташкил этади. Чўлнинг инжиқ табиати забтига саноқли турдаги жонивор ва гиёҳларгина дош бера олади. Шуларнинг  ичида саксовул энг чидамлиси ҳисобланиб, саҳро ёзининг жазирамасию қиш чилласининг  рутубати унга кор эмас. Боиси саксовулларда сувталаб  барглар деярли йўқ – бу вазифани унинг бир йиллик новдалари ўтайди.

—  Айнан шу новдалар  ёрдамида бир гектар майдондаги саксовул бир ой мобайнида 70 куб метр кислород ишлаб чиқариш қудратига эга, — дейди вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Эгамқулов. — Шунингдек, унинг намликкача етган илдизлари орқали теграсидаги икки квадрат метр  атрофида мавсумий гиёҳлар озиқланади.

Саксовулни ўзига хос биолабораторияга ҳам қиёслаш мумкин. Унинг танасида жон сақлаб кўпайган трихограммалар чўлни бир қатор зарарли ҳашоратлардан тозалайди.

— Энг муҳими,  саксовул кучли шамолда  қум кўчишларини сусайтириб, маданий ҳудуд ва адирликларни унинг тўфонидан  асрайди, — дейди Б. Эгамқулов. — Шунингдек, саксовул чўл шароитида мол озуқаси ҳам ҳисобланади. У баҳор пайтида кўклайди, кузга бориб дон солади.Кейин октябрь ойларида донни тўккан пайтларида  яйловдаги қўй-қўзиларимиз шу донни еб ўзларини қиш олдидан тиклаб олади.

Хуллас, ана шундай беқиёс хусусиятларга эга ўсимликни асраб-авайлаш ва  кўпайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этади. Шу боисдан бу юмушга давлат миқёсида эътибор қаратилиб,  Навоийда ҳам вилоят ўрмон хўжаликлари олдига ҳам бир қатор масъулиятли вазифалар қўйилган.

—  Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 24 ноябрдаги  «Республика ҳудудларида ўрмонзорлар, шунингдек, Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида 2021 йилда вилоят бўйича жами 63 075 гектар ер майдонида,  шундан 61 минг гектари Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудида янгидан ўрмон барпо қилиш вазифаси белгиланган эди, — дейди  вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ўрмон кадастрининг етакчи мутахассиси Асқар Асадов. —  Амалда жорий йил  баҳор мавсумида жами 44 016 гектарга, жумладан, 43 минг  гектарга  чўл ўсимлиеларидан саксовул, черкез, қандим экилди. Шунингдек, 920 гектарга ёнғоқ мевали (писта, бодом), 57 гектарга терак, павловния ва бошқа турдаги дарахтлардан иборат   ўрмон барпо қилиш ишлари  бажарилди.  Ҳозирги кунда Томди, Конимех ва Учқудуқ давлат ўрмон хўжаликлари томонидан чўл ўсимликлари уруғлари йиғилиб, ерни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Энди саксовулзорларни асраш ва қўриқлаш билан боғлиқ айрим мулоҳазалар. Маълумки, саксовулнинг яна бир муҳим хусусияти шуки, у ёқилганда кучли иссиқлик беради.  Чўғининг сўнмаслиги жиҳатидан у кўмиргагина ўрин бериб, шу туфайли ҳар доим саксовулзорларга табиий омиллардан кўра инсонлар томонидан  кўпроқ зиён етмоқда. Жорий йилда ҳам вилоят бўйича бир неча ўнлаб  ҳолатда  мутасадди идоралар томонидан  саксовулларни ўтин учун ноқонуний олиб кетиш ҳолатлари аниқланиб, айбдорларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Албатта, бу таъсир чоралари ўз кучини кўрсатади. Бироқ   саксовулзорлар камайиб бораётгани билан боғлиқ оқибатларга  навоийликлар ҳам шу кеча-кундузда гувоҳ бўлмоқда, десак янглишмаймиз. Зеро, атроф-муҳит мувозанатига етказилган зарар башорат қилиб бўлмас даражадаги нохушликларга олиб келиши мумкин.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер