Саксонда саноқда, тўқсонда товоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Эрта кўклам, иликузди кезларида аҳоли дастурхонини сабзавот ва сервитамин кўкатлар билан тўлдириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, қолаверса, ердан унумли фойдаланиш, қўшимча даромад манбаларини яратишда тўқсонбости экинларнинг аҳамияти беқиёс.
Шу боис ҳам мамлакатимизда деҳқончиликнинг бу усулига алоҳида эътибор қаратилади. Шу кунларда Қашқадарё вилоятида ҳам бир томонда далалардан асосий экинлар ҳосили йиғиб олинаётган бўлса, иккинчи томонда боғ ва токзорлар ораси, дала четларидаги бўш майдонларга тўқсонбости экинларни экиш ишлари авжида.

Қамаши туманидаги Сарбазор маҳалласи аҳли ҳам тўқсонбости усулда кўкат ва сабзавотлар етиштиришнинг ҳадисини олган. Эртачи пиёз ва эртачи сабзи етиштириш маҳалланинг ўсиш нуқтаси сифатида белгиланиб, бу фаолиятни янада ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётганинг боиси ҳам шунда.

— Маҳалламиз деҳқонлари айниқса, эртачи пиёз етиштиришда катта тажриба тўплаган, – дейди маҳалла оқсоқолларидан бири Мусурмон Сатторов. — Биз пиёз уруғини октябрь ойида исталган бўш майдонга тиғиз ҳолда экамиз. Уруғ униб чиқиб, майса олгунига қадар, асосий экин майдонларимиздан ҳосилни йиғиб олиб, ерни тайёрлашга улгурамиз. Шундан сўнг, яъни ноябрь ойи охири, декабрь бошларида эса уни кўчат қилиб, далага ўтқазамиз. Бу ердан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, ҳосилни анча эртачи бозорга олиб чиқиш имконини беради. Масалан, бир неча йилдан буён май ойининг бошлариданоқ ҳосилни бозорга олиб чиқишни уддалаяпмиз.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, Қашқадарё вилоятида 2024 йил ҳосили учун деҳқон ва фермер хўжаликларининг 22 минг 844 гектар боғ ва токзорлари қатор ораларига, бундан ташқари, дала четидаги майдонлар, аҳоли томорқаларида тўқсонбости усулда пиёз, саримсоқпиёз ва бошқа кўкатлар ҳамда айрим совуққа чидамли сабзавот маҳсулотлари экилмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг