Саккиз сотих ердан 200 миллион сўм даромад

18:15 16 Февраль 2022 Жамият
938 0

Фото: Халқ сўзи

Бу узоқ йиллар радио-телевидениеда фаолият кўрсатган ва ҳозирда нафақада бўлган устоз журналист Зокиржон Йигиталиевнинг деҳқончиликдан топаётган меҳнат маҳсули. Наманган вилояти Норин туманининг Юқори Чўжа маҳалласида истиқомат қилаётган З. Йигиталиев томорқанинг чинакам хазина эканлигини амалда исботлаганлардан.

— Ўн йилдан бери гулчилик, кўчатчилик билан шуғулланиб келаман, билган киши учун бу ҳунарнинг нафи беқиёс, — дейди 72 ёшли Зокиржон ака. — Масалан, бир сотихли иссиқхонада 60 минг дона катарантус, петуния, мадхури гул кўчатларини парваришлаяпмиз. Апрель ойининг ўрталарига тайёр бўлади. Шунинг ўзидан камида 60 миллион сўм фойда оламиз. 2,5 сотих ерда 100 минг дона хризантема кўчатларини етиштиряпман. Июль ойида тайёр бўладиган бу гулларга ҳам харидор тайин. 15 минг донасини буғдойдан бўшаган ерга эксам, 85 минг дона кўчатни 85 миллион сўмга сотамиз. Шу меҳнат орқасидан уй қилдик, тўй қилдик, машина олдик. Бешта набирамни олийгоҳларда шартнома асосида ўқитяпман. Яна 24 квадрат метр ерга 180 минг дона терак қаламча тикканмиз, улар ҳам баравж ривожланмоқда.

Уста-гулчининг ҳовлиси гўёки мўъжаз ботаника боғи. Томорқада турфа хил кўчатлар парваришланяпти. Улар орасида маҳаллий шароитга мослаштирилган пальма, буксус, йиғлоқи тут, лола дарахти, лавр япроғи дарахти, магнолия каби бута ва дарахт кўчатлари мавжуд. Бундай ноёб кўчатларнинг ўртача нархи 150 -400 минг сўмдан эканлиги ҳисобга олинса, кутилаётган даромад салмоғи янада равшан бўлади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер