«Саховат карвони»дан Рамазон ҳадялари
Фото: Халқ сўзи
Наманган вилоят ҳокими ташаббуси билан муборак Рамазон ойининг ҳар жумаси «Меҳр-саховат куни» деб эълон қилинди. Шу куни барча туманларда якка-ёлғиз, ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Саховатли тадбиркорлар кўмагидаги мурувват карвони биринчилардан бўлиб Тўрақўрғон туманида йўлга чиқди.

Муборак ой шарофати билан амалга оширилаётган хайрли тадбирлар юзлаб хонадонларнинг эҳтиёжини таъминлаш, даромадларини оширишда амалий кўмак бўлмоқда. Айниқса, жойларда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари хатлов жараёнида ўз маҳаллаларида аниқланган муаммоларга маълум маънода ечим топилганидан хурсанд. Хусусан, Тўрақўрғон туманида 75 хонадонга жами 168 миллион сўмлик миқдорда озиқ-овқат, 41 нафар фуқарога оилавий даромадни ошириш учун сигир-бузоқ, қўй, тикув машинаси, сартарошлик анжомлари, печь, инкубаторий, ҳатто ижарага бериб пул топишга хизмат қиладиган қозон-ўчоқ ҳам тарқатилди.

Ўрда маҳалласида яшовчи Содиқжон Мадраҳимов қўли гул уста эди. 4 нафар фарзанднинг отаси бахтсиз ҳодиса туфайли тўшакка михланиб қолди. Фарзандлар тарбиясию уй юмушлари турмуш ўртоғи Гулмиранинг елкасига тушди. Ҳоким ёрдамчиси эҳтиёжманд оилага қорамол зарурлигини туман ҳокимига таклиф сифатида ёзганди. Энди бу хонадонга топширилган сигирнинг сут-қатиғи оилага моддий кўмак ва дармон бўлади.

Шунингдек, Поп туманида амалга оширилган шундай савобли ишда 240 та ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 8 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, яна 77 хонадон соҳибига ўзини ўзи банд қилиш мақсадида турли маиший техникалар туман «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳамда ҳомийларнинг Рамазон туҳфаси сифатида тақдим этилди.
Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бундай эзгу ҳаракат вилоятнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг