Сахалин оролидан тортиб МДҲдаги ўнлаб шаҳарларгача...

16:43 09 Февраль 2023 Жамият
747 0

Фото: Халқ сўзи

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Каприн қишлоғида яшовчи фахрий ўқитувчи Сайдулла Қорабоевнинг шахсий кутубхонаси ғоятда бой. Бугунги кунда бу ердаги китоблар сони 10 мингдан ошиб кетган.

Сайдулла Қорабоевнинг айтишича, у китоб тўплашни 5 ёшидан бошлаган экан.

Ўшанда отам мени туман марказидаги китоб дўконига олиб бориб, «Билмасвой ва дўстларининг бошдан кечирганлари»ни олиб берганди, - дейди у. – Ўшандаги қувончимни ҳозир ҳам сўз билан таърифлаб бера олмайман. Шу-шу, китобга меҳрим тушган. Бугунга қадар ўзимга маъқул бўлган бирор китоб ҳақида эшитиб қолсам, дарров уни излаб йўлга тушаман. Бу китоб сотилаётган дўкон Қаршида бўладими, Бухоро ёки Тошкентдами, менга фарқи йўқ. Уни олиб келиб ўқиб чиқмасам, ором топмайман

Сайдулла Қорабоев ўз вақтида китоб қидириб Сахалин оролидан тортиб МДҲдаги ўнлаб шаҳарларни кезиб чиққан. Шахсий кутубхонасидаги ҳар битта китобнинг қаердан ва қандай олиб келингани ўзи бир тарих.

Беш-олти йил аввал Қарши шаҳридаги китоб дўконларининг бирида Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғатит турк» асарини кўриб қолдим, - дейди у. – Бу мен излаётган китоб эди. Афсуски, сотиб олишга пулим етмади. Сотувчига «Пулини эртага келтириб бераман, қарзга бер», деб кўп ёлвордим, рози бўлмади. Эртага олиб кетай десам, атиги бир нусха экан. Сотилиб кетиши мумкин эди. Жуда қийин аҳволда қолдим. Охири сотувчига билдирмай китобни жавондаги китобларнинг орқасига яшириб қўйдим. Эртаси куни уйдан пул олиб келсам, китоб мен қўйган жойда йўқ. Бутун вужудим музлаб кетди. Шошиб бошқа китоблар ортини ҳам қидира бошладим. Ҳайрият, у жавон пастига тушиб кетган экан...

Бугун Сайдулла Қорабоевнинг шахсий кутубхонаси қишлоқ ёшларининг ҳам севимли масканига айланган. Улар турли китобларни сўраб келишади, гоҳида шу ерда мутолаа билан машғул бўладилар. Фахрий ўқитувчи эса китобсевар ёшларга яна янги-янги китобларни тавсия қилиш, уларни китобхонликка рағбатлантиришдан сира эринмайди.

Эътиборли жиҳати, яқинда Сайдулла Қорабоевнинг шахсий кутубхонаси янада бойиди. У Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан эълон қилинган «Энг яхши шахсий кутубхона» танловида иштирок этиб, ғолиб бўлган эди.

Марказнинг вилоят бўлими масъуллари фахрий яшайдиган хонадонда бўлиб, Сайдулла Қорабоевга диплом ва совринга қўйилган китоблар тўпламини топширишди.

Хуллас, йўлингиз тушса, Сайдулла аканинг хонадонига ҳам бирров кириб ўтишни унутманг. Сайдулла акадан жавонларга териб қўйилган ҳар китоб тарихини тинглаб, яйрайсиз. Бу инсондаги китобга меҳр, самимият сизнинг қалбингизга ҳам ёруғ туйғулар олиб киради.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер