Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларида ОАВнинг ўрни
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи Наманган вилоят ҳудудий комиссиясида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар вакиллари учун муҳим сиёсий кампанияга тайёргарликнинг бориши ҳақида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда комиссия раиси Собитхон Турғунов 27 октябрь санасида бўлиб ўтадиган сайлов, унинг янгиланган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилиши, миллий қонунчилигимиз халқаро умумэътироф этилган тамойиллар, халқимизнинг фикрлари, таклифлари асосида такомиллаштирилгани ҳамда мамлакатдаги демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштирилгани ҳақида сўз юритди.
Айтиш лозимки, айни пайтда Наманган вилоятида ҳам сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Вилоят ҳудудида 837 та сайлов участкалари тузилди. Уларнинг 659 таси умумий ўрта таълим мактабларида, 64 таси коллеж, касб-ҳунар мактаби, лицей ва техникумларда, 25 таси маҳалла фуқаролар йиғини биноларида, 43 таси маданият ва спорт марказларида ҳамда қолганлари бошқа муассасаларда жойлашган. Анжуман иштирокчиларига сайлов участкалари комиссия аъзолари умумий сони, сифат таркиби ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ҳудудий комиссия раиси шу ўринда Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Сайлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, халқимизнинг конституцион ҳуқуқини эмин-эркин амалга ошириши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб, сайловчиларнинг ўзгалар парваришига муҳтож, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган қатламига овоз беришни ташкил қилиш учун зарур қулайликларни ҳозирлаш белгиланганини таъкидлади. Участка сайлов комиссиялари томонидан айни пайтда ушбу тоифага кирувчи ўн мингдан зиёд сайловчининг тоифаларга ажратилган ҳолда рўйхати шакллантирилиб, уларга транспорт хизмати ва бошқа масалаларда кўмак беришнинг аниқ чора-тадбирлари, тегишли масъуллар белгилаб қўйилди.
— Яна бир янгилик, Э-сайлов электрон тизимининг тўлиқ ишга туширилиши сиёсий кампанияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бирига айланди, — деди С. Турғунов журналист ва блогерларга. — Бу имконият нафақат участка сайлов комиссиялари ишини енгиллаштириб қолмасдан оддий фуқаролар хабардорлигини таъминлашда ҳам самарали восита вазифасини бажармоқда.
Матбуот анжуманида сайловолди ташвиқоти ва бошқа масалалар юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг