Сайловга тайёргарлик жараёнлари қандай бормоқда?
Марказий сайлов комиссияси (МСК)нинг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, шунингдек, ушбу муҳим сиёсий жараёнда қатнашадиган хорижлик кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларини аккредитация қилишга доир масалалар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган барча мурожаатларга МСК томонидан қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда, ўз вақтида жавоб қайтарилмоқда ҳамда бирор-бир мурожаат эътибордан четда қолдирилмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар бўйича кўрилган чоралар комиссия аъзолари томонидан муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибига мувофиқ, мажлисда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан МДҲ, МДҲ ПА, ШҲТ ҳамда хорижий мамлакатлардан жами 124 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.
Шунингдек, МСКга келиб тушган мурожаатлардан келиб чиқиб, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 301 нафар вакили аккредитация қилинди. Бугунги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларининг умумий сони 1 155 нафарни ташкил этмоқда.
Мажлис давомида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан
1-Қорақалпоғистон, 4-Жиззах ҳамда 11-Фарғона округ сайлов комиссияси раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборотлари тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг