Сайловда нодавлат ташкилотларнинг ўрни қандай бўлмоқда?
Фото: "Халқ сўзи"
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви томонидан вилоят адлия бошқармаси, 5-Навоий округ сайлов комиссияси ҳамда Навоий шаҳридаги 7-сайлов участкаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: нодавлат ташкилотлар ўрни” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда округ ва участка сайлов комиссияси аъзолари, Навоий шаҳри ва Кармана туманидаги бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, нодавлат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Навоий 5-Навоий округ сайлов комиссияси аъзоси Ғайбулла Примов Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, сайловни ўтказиш тартиб тамойиллари, унда нодавлат ташкилотларнинг ўрни, сайлов участкалари фаолияти, ушбу муҳим сиёсий жараёнларда маҳалла фуқаролар йиғинлари олдида турган вазифалар масалаларига атрофлича тўхталди.
— Президент сайлови мамлакатимизда жамият ҳаётининг энг муҳим сиёсий воқеаси, юртимиз барқарорлигини ва равнақини белгилаб беради, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви раиси Фахриддин Солиев. — Сайлов жараёнида ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари, қонунчилик доирасида сайлов комиссияларига ёрдам беради ҳамда ҳамкорлик қилади.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволарга жавоб қайтарилиб, сайловчилар муносиб, деб билган номзодга овоз беришида ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари юзасидан тушунчалар берилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг