Сайловчилар учун барча қулайликлар яратилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига Самарқанд вилоятида ҳозирлик ишлари якунланиб, 1130 та сайлов участкаси шай ҳолатга келтирилди.
Шу ўринда айтиш керакки, бу йилги сайловда вилоят бўйича 2 миллион 156 минг нафардан ортиқ сайловчи рўйхатга киритилган ва улар сайлов участкасига бориб, ўз хоҳиш-иродасини эркин баён этиши учун зарур шароит яратилган.
— Туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 410 та, вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та ва Қонунчилик палатаси учун 8 та сайлов округи тузилган, — дейди Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Санжар Назаров. — Вилоят бўйича барча сайлов участкалари сайловга доир зарур жиҳоз ва техник воситалар, қонун ҳужжатлари тўпламлари, депутатликка номзодлар плакатлари билан тўлиқ таъминланган. Сайловчилар учун барча қулайликлар яратилган.



Сайлов кодекси ва Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан 16-23 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз бериш жараёни амалга оширилди. Вилоят бўйича 181 минг 926 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.
— Самарқанд шаҳридаги Мингтут маҳалласида жойлашган 89-сайлов участкаси қонунчиликда белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. Участка сайлов комиссияси учун ажратилган хоналар зарур техника воситалари — компьютер жамланмалари, телефон, нусха кўчириш аппарати ва тегишли адабиётлар, участка жойи эса сайлов қонунчилигига оид маълумотлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситалари билан таъминланган. Кириш йўлакларига махсус пандуслар ўрнатилди. Овоз бериш кабиналари, стационар ва кўчма сайлов қутилари шай ҳолатга келтирилди, — дейди мазкур сайлов участкаси котиби Гавҳар Абдувоҳидова. — Сайлов участкасида жами 1039 нафар фуқаро овоз бериши кўзда тутилган. Шундан биринчи марта сайловда иштирок этаётганлар 13 нафарни, имконияти чекланган сайловчилар 7 нафарни ташкил этади. Маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари билан биргаликда сайловчиларга таклифномаларни тарқатдик ва уларни сайловда фаол иштирок этишга чақирдик. 107 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди.



Маълумотларга кўра, бу йилги сайлов жараёнларини ёритиш учун 86 та маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитациядан ўтказилиб, уларга Марказий сайлов комиссияси томонидан рухсатнома берилган.
Самарқанд вилояти ҳудудий сайлов комиссияси матбуот марказида аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ёритиш юзасидан журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида сўз юритилди.
Ҳудудий матбуот маркази ва вилоят адлия бошқармаси масъуллари бу борада ОАВ вакилларига зарур маълумот ва тушунчалар берди.
Семинар давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга вилоят ҳудудий сайлов комиссияси масъуллари ва мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг