Сайлов жараёни қизғин давом этмоқда
Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бериш жараёни Хоразм вилоятида ҳам миллий қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида, фуқароларнинг юксак сиёсий фаоллиги билан бошланди. Сайловчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 4 та, халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 40 та, шаҳар ва туман Кенгашларининг 310 та депутатлик ўринларига кўрсатилган номзодлар учун овоз беради. Вилоятда овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчилар сони 1 миллион 63 минг 714 нафар бўлиб, уларнинг 6056 нафари 16 октябрдан 23 октябргача муддатидан олдин овоз берди.
— Вилоятимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган сайловчилар сони 294 минг 463 нафар, уларнинг 15 минг 374 нафари сайловда биринчи марта иштирок этаётган йигит-қизлардир, — дейди Ёшлар ишлари агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи Тимур Жуманиёзов. — Тенгдошларимиз ушбу сиёсий тадбирда фаол қатнашмоқда. Уларнинг овози Ватанимизнинг келгуси беш йилликдаги тараққиётини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сиёсий партиялар томонидан кўплаб ёшларнинг ҳам номзоди кўрсатилган. Хоразмнинг қалби олов, шижоатли йигит-қизларига сайловда омад тилайман!
Урганч шаҳридаги 28-сайлов участкаси эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди. Давлат мадҳияси янграб, шундан сўнг овоз бериш жараёнлари бошланди. Участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма сайлов қутиси билан кекса ва ногиронлар фуқароларга овоз бериш имкониятини яратиб беришди.
— Сайловларда кўп марта қатнашганман, — дейди «Нуроний» жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими раиси Рустам Султонов. — Сайловда иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи деб биламан. Бу гал ҳам фарзандларим, невара-чевараларимга бош бўлиб сайловда овоз бериш учун келдим. Яратганга шукр, юртимиз тинч. Қаранг, шаҳару қишлоқлармиз обод бўлиб, турмушимиз фаровонлашиб бормоқда. Бугун эл-юрт тинчлигини, невара-чевараларим келажагини ўйлаб ўзим маъқул топган номзодга овоз бердим. Менинг овозим юртимиз тараққиётига қўшган кичик ҳиссам бўлади.
Сайловда вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг фаол иштирок этгани яна бир эътирофга лойиқ жиҳатдир.
— Сайлов кампанияси даврида барча миллат ва элат вакилларига ўз тилларида сайловга оид материаллар билан танишиб чиқиш имконияти яратиб берилди, — дейди вилоятдаги туркман миллий маданий маркази раҳбари Давлатназар Ражабов. — Ҳаётимизда ёрқин из қолдирадиган шундай муҳим кунда «Туркманлар» маҳалласи аҳли ҳам эрталабдан сайлов участкасига ошиқдик. Конституциямизда белгилаб қўйилган ҳуқуқимиздан эмин-эркин фойдаланиб, муқобиллик асосида кўрсатилган номзодлардан бирига овоз бериш орқали ўз қароримизни сайлов бюллетенида ифодаладик. Бу юртимиз тақдирига дахлдорлигимизнинг амалдаги исботидир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг