Сайлов якунлари бўйича баённома тузилди

18:25 11 Июль 2023 Сиёсат
795 0

Марказий сайлов комиссиясида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди. Унда жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтган сайлов натижалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, ушбу сиёсий жараёнда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллион нафардан зиёди ёки 79,88 фоизи хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Мажлисда Президент сайлови якунлари бўйича баённома тузилди ҳамда сайлов натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Жумладан, сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоиз овози билан Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Робахон Анваровна Маҳмудовага сайловчиларнинг 4,43 фоизи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Илёсович Иноятовга 4,02 фоизи ва Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевга 3,74 фоизи ёқлаб овоз берилганлиги баённомада акс эттирилди.

Бундан ташқари, мажлисда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер