Сайлов кодексига қандай ўзгартиришлар киритилмоқда?

14:21 27 Январь 2021 Сиёсат
1353 0

Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, юртимизда миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга катта эътибор қаратилаётир.

Лекин ҳозирги давр мамлакатлар ва халқлар олдига кутилмаган вазифалар, долзарб муаммолар қўймоқдаки, буларнинг барчаси миллий сайлов қонунчилигини ҳам мунтазам такомиллаштириб боришни тақозо этади. Бу жараёнда айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш лозим бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни шундай муҳим ҳужжатлардан биридир.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги конституциявий қонун, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонун ва Сайлов кодексларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, Сайлов кодексига киритилаётган ўзгаришлар сайлов жараёнининг демократик принцип асосида ўтказишга қаратилган бўлса, Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгаришлар эса сиёсий партияларнинг сайловлардаги фаолиятини молиялаштиришга қаратилган. Мақсад битта – сайловлар жараёнини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашдан иборат.

Қонун лойиҳасида шунингдек, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонун Сайлов кодекси билан мувофиқлаштирилиб, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар билан тенг равишда президентлик сайловларини ҳам давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.

Ҳаммамиз яхши биламиз, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Лекин декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келиши сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқиши мумкин.

Шу жиҳатдан, қонун лойиҳасида сайловларни октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказиш таклиф этилмоқда. Бу эса фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олиш билан бир қаторда, кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароитлар вужудга келишига хизмат қилади. Бошқача айтганда, сайловнинг октябрь ойида ўтказилиши Ўзбекистоннинг дунёга юз тутаётгани, халқаро экспертларни сайловларда иштирокини таъминлашга кенг йўл очаётганининг яққол ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси ҳисобланади. Бу борада мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилишга замин яратишига аминман.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик  палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер