Сайхун ва Жайхунни бирлаштирган биродарлик

15:14 05 Июнь 2023 Жамият
690 0

Фото: “Халқ сўзи”

Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги Сирдарё вилояти туман ва шаҳарлари ҳокимлари, тадбиркорлар, фермерлар, маданият ва санъат ходимлари, нуронийлар ҳамда   ёшлардан иборат гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишди.

Дўстлик ва қардошлик учрашувларининг дастлабки куни маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш билан бошланди. “Жайхун” ўйингоҳида “Янги Ўзбекистонда маданиятимиз ва дўстлигимиз абадий бўлсин” шиори остида бўлиб ўтган концерт дастури қалбларга қувонч ҳадя этди. Шу куни қонликўллик ёшлар етакчиларига Сирдарё аҳли номидан туҳфа 100 миллион сўмлик ноутбук, овоз кучайтиргич ва спорт анжомлари тантанали топширилди. Эл суйган санъаткорлар ижросида халқларимиз дўстлигини тараннум этувчи дилрабо куй-қўшиқлари янгради.

Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Қонликўл ёшлари билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади. “Қонликўл ва унинг ёшлари энди бизга бегона эмас, улар Сирдарёнинг, бизнинг яқинларимиз”- деди Акмалжон Маҳмудалиев.

Айниқса, маҳаллалар кесимида ёшлар ўртасида мини футбол бўйича “Сирдарё вилояти ҳокими кубоги”нинг финал баҳси муросасиз курашларга бой бўлди. Якунда дўстлик ғалаба қозонди ва совриндорларга кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Икки кун давом этган тадбирлар, самимий мулоқотларда Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги масофа узоқ бўлсада, кўнгилларнинг яқинлиги, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг муштарак тарихи ва дўстлиги туфайли алоқалар янада мустаҳкамланиб ҳамда ривожланиб бораётгани эътироф этилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш орқали иш ўринларини яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир туманига республикамиз вилоятлари бириктирилган.

Икки йилдирки, ҳудуд ободлиги, эл фаровонлиги йўлидаги ислоҳотларда сирдарёликлар ҳам фаол қатнашаётир. Маҳаллий масъуллар билан ҳамкорликда Қонликўл туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, салоҳияти ва имкониятлари ўрганиб чиқилди. Туман асосан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудуд эканлиги эътиборга олиниб, янги ерларни ўзлаштириш ва бу ҳудудларга сув келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни кунга қадар 358 километр ирригация тармоқлари ва коллекторлар тозаланди. 2 та янги насос станцияси ишга туширилиб, 53 гектар ер ўзлаштирилди.

Шунингдек, боғдорчилик, полизчилик, чорвачилик, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, “Арзимбетқўм”, “Қосжап”, “Қонликўл” ва “Жанақала” ОФЙларда яшовчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга 1 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди. Шу орқали 100 оилага қўшимча даромад олиш имконияти яратилди.

“Арзимбетқум” ОФЙда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 20 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда 3,5 миллион дона қаламчалар экилиб, 5 гектар майдонда Сирдарё-Қонликўл “Дўстлик боғи” барпо этилди. Эътиборлиси, боғ қатор ораларига қовун экилиши қорақалпоқ диёрида қовунчиликда “Сирдарё тажрибаси”ни кенг оммалашувига хизмат қилмоқда.

Эзгу ташаббусларнинг узвий давоми сифатида “Маданият” ОФЙда икки халқнинг тарихий орзу-интилишларини ўзида уйғунлаштирган, қурилиш архитектураси жиҳатидан замонавий ва миллий меъморий ечимга эга “Сайхун ва Жайхун” маънавият ва маърифат маскани бунёд этилди. Чекка маҳаллаларда замонавий ҳаммомлар қурилди. Янги қувурлар тортилиб, ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Таъмирталаб кўчаларга қум-шағал ётқизилди. Сирдарёлик ташаббускор тадбиркорлар томонидан саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишида қиймати 573,9 миллиард сўмлик дастлабки 14 та лойиҳа шакллантирилди.

Туман аҳолисининг ижтимоий муҳофазаси ҳам назардан четда қолгани йўқ, албатта. Ушбу тоифадаги оилалар учун турли маданий тадбирлар, саёҳатлар уюштириш билан бирга, уларни Сирдарё вилоятидаги сиҳатгоҳларда соғломлаштириш чоралари кўрилди. Эътиборлиси, йил якунига қадар Қонликўлда яна бир қатор объектларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган бўлиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаётий лойиҳалар изчил давом эттирилмоқда.

                                                                      Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

                                                                                  (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер