Саҳрода ўрмонзорлар барпо этилмоқда

18:41 14 Февраль 2023 Жамият
661 0

Фото: Халқ сўзи

Мутахассисларнинг таъкидлашича, саксовул униб чиққанидан сўнг 6-7 йил ўтгач, уруғлай бошлайди. Агар танасига болта тегмаса, 50-60 йил яшайди. Бу ҳақида бежиз тўхталмадик. «Саҳро султони» дея таъриф берилгувчи бу бутадан ўтин сифатида фойдаланишни кўзлаганлар оз эмас. Ваҳоланки, унинг барги қўй ва туялар учун тўйимли озуқа саналади. Муҳими, саксовул тупроқни эрозиядан сақлаб, шамоллар, бинобарин, чанг - тўзонлар йўлига тўсиқ бўлади.

Бухоро вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси айнан шу мақсадда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан саҳроларда ўрмонзорлар барпо этяпти. Таркибида 9 та ўрмон хўжалиги бўлган бошқарма жамоаси учун айни кунлар қизғин кечмоқда. Жондор ва Шофиркон туманларининг кимсасиз чўл ҳудудидан 40 минг гектар ер танланиб, «яшил қоплама» ҳосил қилинмоқда. Бу юмушлар Бухоро вилоят ҳокимининг «Яшил қопламалар» барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилмоқда. Бу ишга бошқарманинг 30 дан зиёд техникаси, 100 дан ошиқ ишчиси жалб этилган.Саҳрода яшаб ишлаётган мутахассис ва ишчилар учун зарур шароитлар муҳайё қилинган.

Уруғлик, ёнилғи-мойлаш материаллари таъминоти назоратга олинган. Саксовул, юлғин, қандим, черкез каби шўрхок ерда яхши ўсувчи чўл ўсимликлари уруғи захираси яратилган. Янги ўрмонзор ва тўқайзорлар экологияни мўътадил сақлаш, одамлар саломатлигини муҳофаза этишга хизмат қилиши, бу юмуш учун давлат томонидан катта маблағлар ажратилаётгани инобатга олинса, уларни асраб-авайлашга ўзини шу юрт фарзандиман, деб билган ҳар бир киши масъул, албатта.

Маълумотларга қараганда, Бухоро вилояти чўлларида 2022-2026 йиллар давомида умумий майдони 200 минг гектарни ташкил этувчи «яшил қоплама» яратилади.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер