“Сафарим давомида Бобур камол топган қадимий Ахсикентга ҳам бораман” —ҳиндистонлик Малика Наранг
Фото: “Халқ сўзи”
Наманганда салкам уч ҳафтадан буён давом этаётган нафосат байрами – 62-Халқаро гуллар фестивали тобора кўпроқ меҳмонларни қарши олмоқда. Буни ҳозирга қадар бу ерга ташриф буюрганлар сони 4 миллион кишидан ортганида кўриш мумкин. Улар орасида ҳаваскор гул шайдоларидан тортиб, давлат муассасалари ходимлари, турли касб эгалари, хонадон бекалари, меҳнат фахрийларигача бор. Хорижий сайёҳлар ҳам анчагина. Кеча Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида истиқомат қилувчи ижтимоий тармоқ фаоли Малика Наранг ҳам дунёга овоза бўлган анжуманни ўз кўзи билан кўриш учун Наманган шаҳрига келди.
—Ўзбекистонга, гўзал Наманганга келганимдан бахтиёрман, —дейди ўзбек маданияти ва санъатининг ашаддий ихлосманди Наранг хоним. — Бу менинг азалий орзуйим эди. Гуллар байрамини кўраман, гўзалликка ошно бўламан. Ва, албатта, сафарим давомида Бобур камол топган қадимий Ахсикентга ҳам бораман.
Узоқ йиллардан бери ижтимоий тармоқларда юртимизни тарғиб қилиб келаётган меҳмонни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуриддинов бошчилигида бир гуруҳ фаоллар кутиб олишди.
Сафарини Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги бетакрор кўргазмалар томошасидан бошлаган ҳиндистонлик меҳмон бу ердаги ранго-ранг гуллар гўзаллигидан ҳайратга тушди. У вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, наманганликларнинг урф-одат ва анъаналари билан яқиндан танишиб, яшил шаҳар ҳақида ажойиб медиаматериаллар тайёрлашни мақсад қилган.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг