Садриддин Айний музейи қачон замонавий қиёфада барпо этилади?

11:59 17 Март 2026 Жамият
464 0

“Соктари “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳаллага айланади”, деган хабардан бу кўҳна манзилда яшовчиларнинг боши кўкка етди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан вилоятдаги 35 та маҳалла қатори Соктари ҳам аҳолининг истиқомат қилиши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали гўшага айлантирилаётганидан қувонмай бўладими?

— Ҳудудимизда 6400 дан зиёд аҳоли яшайди, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Худойберди Исматов. — Қарорга мувофиқ, бизга ҳам беш миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу сармояга 5 километр масофадаги йўлни асфальт қилиш, кичик бир боғ барпо этиш, ҳудудимиздаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби филиали биносини таъмирлаб, замонавий шарт-шароитлар яратиш каби ишларни бажариш режалаштирилмоқда.

— Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган бу кенг кўламли юмушлардан беҳад хурсандмиз, — дейди маҳалла кексалар маслаҳат кенгаши раиси Низомиддин Фозилов. — Зеро, обод, фаровон гўшада умргузаронлик қилишга нима етсин? Шу билан бир қаторда “Садриддин Айний музейи қачон замонавий қиёфада барпо этилар экан”, деган ўй бизни анчадан бери безовта қилиб келмоқда. Ахир, ёшларимизни маданий меросимиз, қадриятларимиз, тарихимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган бундай масканни ҳамма жойда ҳам учратавермайсиз.

Катта ҳаётий тажрибага эга Низомиддин аканинг бу мавзудан сўз очиши бежиз эмас. Ғиждувон туманидаги Соктари қишлоғи юртимизнинг бой тарихга эга гўшаси саналади. Бу ердаги осори атиқалар, шу заминдан етишиб чиққан фозил инсонлар, олиму шоирлар ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Шулардан бири ўзбек ва тожик адабиётининг забардаст вакили Садриддин Айнийдир.

1878 йилда Соктарида туғилиб ўсган, “Қуллар”, “Дохунда”, “Эски мактаб”, “Судхўрнинг ўлими” каби ўлмас бадиий асарлар яратган. Ўрта Осиё халқларининг тарихи, ҳаёти, анъаналари, бой маънавий меросини чуқур тадқиқ қилган адабиётшунос, тилшунос, шарқшунос олимнинг Рудакий, Бедил, Алишер Навоий сингари улуғ мутафаккирлар ижодига оид қатор мақола ва рисолалари ҳам бор. Асарлари жаҳоннинг кўплаб тилларига ўгирилган.Таниқли француз шоири Луи Арагон “Судхўрнинг ўлими” повестини таржима қилар экан, “Садриддин Айний ўзининг бу ўлмас асари билан дунё адабиётининг буюк намоёндалари Бальзак, Шекспир, Гёте қаторида туради”, дея эътироф этганининг ўзиёқ кўп нарсани англатади.

— Шундай улуғ алломанинг қишлоқдоши бўлганингдан кўнгилда ғурур ҳиссини туясан, киши, — дейди меҳнат фахрийси Олим Ғайбуллаев. — Яна икки йилдан сўнг Садриддин Айний таваллуд топганига 150 йил тўлади. Тўйга тўёна, деганларидек ёзувчи, олим, жамоат арбобининг музейи учун янги бино барпо этилса, айни муддао бўларди. Қолаверса, кейинги пайтда қадимий қишлоғимизга сайёҳлар, жумладан, қўшни Тожикистондан ҳам меҳмонлар тез-тез ташриф буюрмоқда.

Адибнинг асарларини мутолаа қилган киши борки, у туғилиб ўсган қишлоқни кўргиси, ўша давр муҳитини ҳис этгиси келади. Аммо музейнинг маданий мерос объекти саналган қадимий масжидда жойлашгани таажжубланарли. Тўғри, адиб туғилиб ўсган уй сақланиб қолмаган. Лекин масжид ёнида 1978 йилда С. Айнийнинг 100 йиллиги муносабати билан адиб бюсти ўрнатилган, ёзувчи қаҳрамонлари номи билан аталадиган китоб, савдо дўконлари, чойхона очилган эди. Замона зайли билан улар хусусийлаштирилган. Ҳозир қаровсиз аҳволда. Шулар ўрнида музей учун шарқона услубда, тўрт-беш хонадан иборат бино қурилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Дарвоқе, “Халқ сўзи” да бундан салкам уч йилча муқаддам эълон қилинган “Дунё тан олган адибни ёшларимиз нега билишмайди?” сарлавҳали мақолада бу ҳақда батафсил фикр юритилганди.

— Шундан сўнг вилоят архитекторлари, мутасаддилар Соктарига келиб, аҳволни атрофлича ўрганишди, — дейди Низомиддин Фозилов. — Таклифларимизни билдирдик. Натижада музей янги биносининг лойиҳаси яратилди. Бунга ҳам анча бўлди. Айтмоқчи, “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги маҳалла мақомини олиши кутилаётгани муносабати билан яқинда вилоят ҳокими бошчилигида бир гуруҳ масъуллар Соктарида аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказишди. Шунда биз Садриддин Айний музейи учун янги бино қуриш масаласини ҳам ўртага ташладик. Қанийди, шу иншоотнинг молиявий манбаси, қурувчиси аниқланса-ю қурилиш ишларига киришилса... Ахир, адиб таваллудининг 150 йиллиги нишонланадиган 2028 йил тобора яқинлашмоқда. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори асосидаги дастурга кўра, Садриддин Айний уй – музейини реставрация қилиш кўзда тутилган.

Агар шу мақсад рўёбга чиқса, масканни “Бухоро” давлат музей – қўриқхонаси ихтиёрига ўтказиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Бу экспонатларни янада бойитиш, “Айний издошлари”, “Истиқлол ва Соктари” каби мавзуларда кўргазмалар ташкил этиш, осори атиқаларни давлат стандартларига мос тарзда сақлаш имконияти юзага келади. Бинобарин, “Садриддин Айний музейи қачон замонавий қиёфада қад ростлайди?” деган саволга мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер