“Сабъаи сайёр” вилоят театри талқинида
Фото: "Халқ сўзи"
Янги йил арафасида Наманган вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоаси репертуаридан ўрин олган “Сабъаи сайёр” драмаси ҳазрат мир Алишер Навоийнинг шу номли достони асосида Ҳайитмат Расул муаллифлигида саҳналаштирилди.
Асарнинг куни кеча ўтказилган премьерасига йиғилган томошабинлар спектакль ҳақида илиқ фикрларини билдирдилар. Хусусан, саҳна декорацияси, актёрлар ижроси, достондаги чуқур фалсафани маҳорат билан очиб беришга интилиш алоҳида таъкидланди. Бунга саҳналаштирувчи режиссёр Достон Ҳақбердиев, шунингдек, Нуриддин Исмоилов, Раҳматилло Ғайбуллаев, Муниса Жўраева, Орифжон Эргашев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алижон Тожибоев каби актёрларнинг саҳнадаги маҳоратлари мустаҳкам пойдевор бўлгани табиий.
— Салкам уч ойлик репетициядаги машаққатлар томошабинларнинг гулдурос қарсаклари, қўллаб-қувватловчи олқишлари билан эсдан чиқиб кетди, — дейди театр директори Нозимжон Тошпўлатов.
Янги асар премьерасида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, секторлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик, ёшлар вакиллари иштирок этдилар. Энди кўплаб меҳнат жамоалари спектакль намойишига оммавий равишда киришни режалаштириб туришибди.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг