Руминияда НАТО давлатлари ва ҳамкорлари махсус кучларининг машғулотлари бошланди
Фото: Reuters
Руминияда махсус кучлар қўшинларининг "Junction Strike 2023" (JUST 23) халқаро машғулотлари бошланди.
Руминия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 18 майга қадар давом этадиган маневрлар Руминия полигонлари ва бир қанча аҳоли пунктлари яқинида бўлиб ўтади.
Машғулотларда Руминия Қуролли Кучларининг 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчиси, 100 га яқин қуруқлик, ҳаво ва денгиз жанговар техникаси, Болгария, Испания, Полша, Португалия ва АҚШдан 100 га яқин ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда. Машқларда Грузия, Иордания ва Молдова ҳарбийлари кузатувчи сифатида қатнашмоқда.
Руминия Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, ушбу машғулотлар тактик ва тезкор тузилмаларни "жанговар шароитларга яқин, хаёлий сценарий асосида, кўп миллатли ва идоралараро форматда" ўқитишни таъминлайди.
Таъкидланишича, JUST 23 ўқув машғулотларининг асосий мақсади НАТОнинг учта кучини — махсус операциялар кучларининг денгиз гуруҳи, махсус операциялар кучларининг қуруқликдаги гуруҳи ва ҳаво кучларининг вертолётлар билан махсус операциялар бўлинмасини сертификатлашдан иборат.
Ушбу маневрларнинг вазифаларидан бири минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, айниқса, Қора денгиз минтақасида кўп миллатли муҳитда иш тартибларини уйғунлаштиришдир.
Шу йилнинг 8 май куни Литвада ҳам НАТОнинг икки ҳафталик "Темир бўри-2023" машғулотлари бошланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг