«Ростгўй»да бирламчи тиббий муассаса очилди

17:48 06 Февраль 2023 Жамият
631 0

Фото: Халқ сўзи

2017 йилда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган оптималлаштириш ортидан Бухорода айрим тиббий пунктлар фаолияти тўхтатилганди. Ғиждувон туманидаги Ростгўй, Бақоллар, Қўрғон, Қумработ, Янгиработ қишлоқлари аҳолисига хизмат кўрсатган тиббиёт пунктини ҳам улар қаторида кўриш мумкин эди.

Лекин ҳаётнинг ёзилмаган қонунлари бор. Орадан ўтган йиллар 6 минг нафардан зиёд киши истиқомат қилаётган бу ҳудудда тиббий маскан зарурлигини кўрсатди – қўйди. Натижада масъуллар ушбу ҳудудда 69 – сонли оилавий поликлиниканинг «Ростгўй» филиалини очиш фикрига келдилар. Шу мақсадда ҳудуддаги бундан чамаси 40 йилча муқаддам қурилган бинода мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Лойиҳани рўёбга чиқариш учун бир миллиард 40 миллион сўм маблағ сарфланди. Бино замонавий қиёфа касб этди. Маскан тиббий хизмат сифатини оширишга хизмат қиладиган зарур жиҳозларга ҳам эга бўлди.

Филиал фаолиятини намунали йўлга қўйиш эса кадрларга боғлиқ. Шу мақсадда бирламчи тиббий муассасага малакали шифокор ва ўрта махсус тиббиёт ходимлари жалб қилинди. Маскан қошида тез тиббий ёрдам шохобчаси фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Бир сўз билан айтганда, «Ростгўй» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг бир ташвиши енгиллашди.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер