Россиялик профессор самарқандлик тиббиётчилар учун мастер-класс ўтди
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникасида «Болаларда йўғон ичак касалликларини педиатрик ва хирургик аспектлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда СамДТУ педиатрия, неонатология кафедралари мудирлари, шаҳар даволаш-профилактика муассасаларидан педиаторлар, неонатологлар, неврологлар ва болалар хирурглари иштирок этди.

Тадбирга Россия Федерацияси Президенти маъмурияти ҳузуридаги марказий клиник шифохонасининг болалар хирургияси илмий раҳбари, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган ихтирочи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Игор Киргизов таклиф қилинди.
Россиялик профессор клиника ходимлари ва талабалар учун болалар хирургиясида биполяр миостимуляция мавзусида маъруза қилди. Тадбир доирасида педиатрияда парентерал ва энтерал овқатлантириш, оғир ва заиф беморларнинг овқатланиш хусусиятлари бўйича мастер-класс ўтказилди. Мастер-класс доирасида Гиршпрунг касаллиги бўлган беморда қорин бўшлиғи оралиқ лапароскопик проктопластика операцияси бажарилди.
Эътиборлиси, самарқандлик соҳа мутахассислари учун ҳам тажриба мактаби вазифасини ўтаган мастер-класс машғулотлари уч кун давом этди ва шу вақт давомида ўнга яқин бемор болаларда анал-сфинктеропластика операциялари ўтказилди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг