Россияда мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун асослар сони икки баравар оширилади

20:56 09 Апрель 2026 Дунё
455 0

Душанба куни (13 апрель) Россия Давлат Думаси Кенгаши чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қатор ҳуқуқбузарликлар учун Россия Федерациясидан чиқариб юборишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришади. Бу ҳақда ТАСС парламент қуйи палатаси раиси Вячеслав Володинга таяниб хабар бермоқда.

Тегишли қонун лойиҳаси билан мигрантлар мамлакатдан чиқариб юборилишига сабаб бўладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатини қарийб икки баравар кенгайтириш таклиф этилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бирданига бир нечта моддаларида, агар қоидабузарлик хорижлик шахс томонидан содир этилган бўлса, жарима ва Россиядан ҳайдаб чиқариш жазосини кўзда тутувчи алоҳида бандлар киритилади.

Хориж фуқароларини қуйидаги ҳолатлар учун мамлакатдан чиқариб юбориш режалаштирилмоқда:

— Рухсат этилмаган митингларда қатнашиш;

— Қуролли Кучларни обрўсизлантириш;

— Россия ва унинг фуқароларига нисбатан санкциялар қўллашга чақириш;

— Россия Федерациясининг ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган оммавий чақириқлар учун.

Шунингдек, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни ошириш таклиф қилинмоқда. Жумладан, Россия чегарасини кесиб ўтиш қоидаларини, мамлакатга кириш ва бўлиш тартибини бузганлик, хорижликларнинг ноқонуний меҳнат фаолияти ва мигрантларни ишга ноқонуний қабул қилганлик учун жазолар кучайтирилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер