Ромитанда янги сайилгоҳ фойдаланишга топширилди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Ромитан тумани марказида лойиҳа қиймати 15 миллиард сўмдан зиёд бўлган сайилгоҳ – савдо ва кўнгилочар хизмат кўрсатиш кўчаси барпо этилди.

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 27 январдаги «Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ бунёд этилган масканда 65 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд. Бу ерда ўсмирларга мўлжалланган ўқув маркази, махсус спорт майдончаси, аҳолининг бўш вақтини мароқли ўтказиши кўзда тутилган бошқа қатор қулайликлар яратилган.

“Broadway” дея номланган кўркам сайилгоҳни туманнинг қадимий гўшалари, жумладан, «Етти пир» силсиласига мансуб Хожа али Ромитаний ва Муҳаммад Бобои Самосий ҳазратлари қадамжоларини зиёрат қилгани узоқ-яқиндан келган сайёҳлар учун ҳам яна бир қулайлик сифатида кўрсатиш мумкин. «Вилоятда ўхшаши йўқ» дея эътироф этилаётган ушбу гўшанинг очилиш маросимида шулар ҳақида сўз борди. Ромитанлик ёш истеъдод эгалари томонидан ташкил этилган кўргазмалар, спортчиларнинг чиқишлари, концерт дастури тўпланганларга байрамона кайфият бағишлади.

Айтиш жоизки, Ромитан туманида инфратузилма ва хизмат соҳаси жадал ривожланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида хизмат кўрсатиш ҳажми 984,2 миллиард сўмга етгани фикримиз тасдиғидир.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг