Риштон тумани ҳокимлиги делегацияси Хитойга боради
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Риштон тумани ҳокимлигида Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида жойлашган мамлакатимиз консуллиги вакиллари билан онлайн мулоқот ташкил этилди.
Унда Риштон туманида кейинги йилларда тадбиркорлик, хусусан, кулолчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, яқин истиқболда кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида маълумот берилди. Бу борада ушбу юртда чинни буюмларга талаб ва эҳтиёж юқори эканлигини инобатга олиб, айнан, кулолчилик йўналишида янги бизнес-режаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадга мувофиқ бўлиши таъкидланди.
— Мулоқотда жорий йилда туман ҳокимлиги ва тадбиркорлардан иборат делегациясининг Хитой шаҳарларига ташрифини амалга оширишга келишиб олинди, — дейди Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов. — Хитойнинг Шанхай, Фошань ва Гуанчжоу шаҳарларида йирик компаниялар, тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишиш ҳамда ҳамкорлик келишувларига эришиш мақсад қилинган.
Айтиш жоиз, бугунги кунда Риштон тумани ҳокимлиги томонидан Япония, Италия, Туркия, АҚШ, Озарбайжон каби давлатларнинг айнан, кулолчиликка ихтисослашган шаҳарлари билан икки томонлама манфаатли ҳамкорлик юзасидан дўстона алоқалар йўлга қўйилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг