Риштон кулолчилиги бизни ҳайратлар оламига етаклади – Ражеш Шарма
Фото: “Халқ сўзи”
Риштон кулолчилиги кейинги йилларда нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида сайёҳларни жалб этадиган ноёб санъат дурдонаси ва халқимизнинг ўзига хос ҳунармандчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Туризмни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида Риштон тумани жорий йилдан Халқаро ҳунармандчилик форумини ўтказиш йўлга қўйилди. Кулолчиликни жаҳон миқёсида ривожлантириш мақсадида Япония, Италия, Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик келишувларига эришилди. Истиқболли ҳамкорлик келишувлари ҳар йили сифат ва салмоқ жиҳатдан юксалиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Шу кунларда тумандаги “Мингбоши керамик” кулолчилик кластери музейига ташриф буюрган ҳиндистонлик сайёҳлар ҳам Риштон кулолчилигининг бетакрор намуналаридан баҳраманд бўлиб, ўз ҳайрат ва ҳаяжонларини изҳор этишди.
— Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш мақсадида Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида бўлдим, — дейди ҳиндистонлик Ражеш Шарма. — Гапнинг очиғи, Риштон ҳунармандчилиги бир кўришдаёқ мени ўзига маҳлиё этди. Бизни ҳамма жойда самимий кутиб олишди. Бу ердаги меҳмондўстлик, меҳр-оқибатни кўриб ҳавас қилдим.
Риштон кулолчилиги ҳақида кўп эшитгандим. Таассуротларим мен кутгандан ҳам аъло. Кулолчилик асарлари мени сеҳрлаб қўйди. Гўёки эртаклар мамлакатига келиб қолгандек бўлдим.

Юртингиз кулолчилиги бизникидан анча илгарилаб кетибди. Нақшлар жилоси ҳам ўзгача. Бу жараёнлар катта меҳнат талаб қилади. Кулоллар яратаётган эртакнамо маҳсулотлардан баҳри дилингиз яйрайди. Ҳинд кулолчилиги учун ўрганса арзийдиган жиҳатлар кўп экан.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг