Республикадаги 21 та ОТМда қурилиш материаллари соҳаси кадрлари тайёрланади
Фото: Архив сурат
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.
Соҳадаги умумий банд ходимлар сони 140 минг нафарни ташкил этади. Шундан 7 минг нафари (5 фоиз) маъмурий бошқарув ходимлари, 21 минг нафари (15 фоиз) муҳандис ва технологлар, 112 минг нафари (80 фоизи) ишлаб чиқариш ходимлари ҳисобланади.
Қўшимча ишчи ресурсларига эҳтиёж 50 минг нафарни ташкил этади. Шундан, 40 минг нафар ўрта махсус маълумотли мутахассислар, яъни цемент майдаловчи, клинкер куйдирувчи, машинист, кончи, тоштарош, шишасоз, оператор ва бошқалар. 10 минг нафари олий маълумотли мутахассислар бўлиб, улар кимёгар технолог, муҳандис, энергетик ва бошқалар.
Бугунги кунда республикамизнинг 21 та олий таълим муассасаларида соҳага кадрлар тайёрланмоқда.
Республикадаги муҳандис-техник йўналишдаги олийгоҳлар томонидан ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ йўналиш ва тармоқ учун хорижий олийгоҳлар билан бирга, муҳандис ва технологлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Жумладан, Тошкент архитектура ва қурилиш институти тармоқда Туркиянинг ихтисослашган олийгоҳларини жалб этган ҳолда муҳандис ва технологлар тайёрлайди. Эътиборлиси, 2026 йилга қадар, қурилиш материаллари соҳаси учун 10 минг нафар олий маълумотли мутахассислар - кимёгар технолог, муҳандис, энергетик ва бошқалар тайёрланади.
Республиканинг 16 та профессионал таълим муассасаларида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати бўйича мутахассислар тайёрлаётган касб-ҳунар мактаблари ва коллежлар билан ҳамкорликда 2026 йилга қадар 40 минг нафар ўрта-махсус маълумотли мутахассислар ва ишчилар тайёрланишига эришилади.
Уюшма Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти, Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “El-Yurt umidi” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “IT Center” Ахборот технологияларини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг малака ошириш маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Тармоқда камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишда ҳар йили 100 тагача ўрин ажратилмоқда.
«Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси томонидан 2019/2020 ўқув йили учун 82 нафар, 2020/2021 ўқув йили учун 48 нафар, 2021/2022 ўқув йили учун 10 нафар, 2022/2023 ўқув йили учун 22 нафар ходимларга жами 162 та тегишли тавсияномалар берилди ҳамда улар олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг