Республика зиёлилари – Навоийда
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз бўйлаб ўтказилаётган «Маданият карвони» ҳамда «Маънавият фестивали»га шу кунларда Навоий вилояти мезбонлик қилмоқда. Пойтахтдан ташриф буюрган 150 нафардан ортиқ зиёлилар, олимлар, ижодкорлар, таниқли санъаткорлар вилоятнинг барча ҳудудида бўлиб, катта-кичик давраларда одамлар билан юзма-юз мулоқот қилмоқда. Уларнинг ташвишу қувонч, ютуқ ва муаммоларига шерик бўлмоқда. Бошқачароқ айтсак, ушбу учрашувлар шунчаки аҳолининг кайфиятини кўтариш учун ташкил этилган навбатчи тадбир эмас, балки юртдошларимиз орасида меҳр ришталарини боғлаб, эзгулик, инсон қадри улуғлигининг амалдаги ифодасидир.
«Маънавият фестивали» ва «Маданият карвони» иштирокчилари Кармана туманидаги Дўрман маҳалласида бўлиб ўтган учрашув аввалида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида фуқаролар йиғини биноси атрофига яхши ниятлар билан манзарали дарахт кўчатлари экишди. Учрашувда эса умуммиллий лойиҳанинг мақсад ва умидлари хусусида сўз борди. Шундан сўнг устоз санъаткорлар ўтган йили фойдаланишга топширилган маҳалла биноси ва унда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Маҳалла оқсоқоли меҳмонларга «Дўрман» маҳалласи янги гузари ҳамда «Дўрман текстиль» тикувчилик корхонаси, унда меҳнат қилаётган «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилган маҳалла аҳлининг қувонч ва ташвишлари хусусида сўзлаб берди.

— Бу каби сафарларда илгари ҳам кўп бор иштирок этганмиз, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Саъдуллаева. — Тўғриси, илгари биз қишлоқ аҳлининг кайфиятини кўтаришга уринган бўлсак, эндиликда қишлоқларимиздаги кишиларнинг ҳаёти, бугунги кундаги ўй-фикрларини кўриб, ўзимизнинг кайфиятимиз кўтариляпти. Бу бизга илҳом беради.
Тадбир давомида пойтахтлик меҳмонлар 12-давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида иштирок этишди. Мазкур мактабгача таълим ташкилоти 120 ўринга эга бўлиб, инвестиция дастури асосида жами 3 миллиард 225 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган.
Ижодий учрашувда санъаткорлар маҳалла аҳлига ўзларининг самимий тилакларини билдириб, хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.

Фестивалнинг «Меҳр-мурувват ва саховат» лойиҳаси доирасидаги тарғибот гуруҳи аъзолари Нурота туманидаги «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида бўлиб, ушбу муассасада даволанувчи беморлар учун республика Маънавият ва маърифат маркази, Маърифат тарғиботчилар жамияти томонидан бадиий китоблар, ўқув қуроллари топширди.
Шунингдек, аҳоли орасида инсонийлик қадриятларини тарғиб қилиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида фестиваль иштирокчилари ногиронлар, тиббиёт бўлимида даволанаётган касаллар, тўшакдаги беморлар ҳолидан хабар олишди. «Темир дафтар»да турувчи оилаларнинг тўй тантанасида иштирок этиб, қутлашди. Қизилтепа туманининг Азизобод маҳалласида истиқомат қилувчи 82 ёшли Ғ. Ашуров, Кармана туманининг Дўрман маҳалласида яшовчи 102 ёшли Пирназар Турдиев ҳолидан хабар олишди.

— Кўнглимиз тоғдек кўтарилди, — дейди Ғ. Ашуров. — Минг қатла шукр, ҳеч қандай етишмовчилик йўқ. Бугун, мана, телевизорда кўрган кишиларимиз келиб, ҳолимиздан хабар олишди. Бу анча қувват берди. Шу тадбирни ўйлаб топганлар бизнинг ёшимизга етиб юришсин.
Фестиваль иштирокчилари меҳнат жамоаларида, хусусан, «Навоийуран» давлат корхонасида амалга оширилган ишлар билан танишдилар. Жамоа билан мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати ёшларга куч-қувват ва келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлаётгани таъкидланди. Учрашув якунида корхона бош директори Ж. Ҳасанов барча иштирокчиларни ва меҳмонларни қутлаб, эсдалик совғаларини топширди.
Фестиваль иштирокчилари олис Томди, Учқудуқ, Конимех туманларидаги чекка овулларда ҳам унутилмас таассуротларга бой учрашув ва концерт дастурлари ўтказмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг