Референдум — демократия намунаси

09:53 11 Апрель 2023 Сиёсат
1170 0

Illyustrativ foto

Референдум лотинча “referendium” сўзидан олинган бўлиб, бу фуқароларнинг давлат, вилоят ёки маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали ўз фикрини бевосита билдиришини англатади. Референдум умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шакли бўлиб, бевосита демократияни амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

Референдумнинг сайловлардан асосий фарқи шундаки, референдумда муайян масала — қонун, қонун лойиҳаси, конституция ёки унга тузатишлар, мамлакатнинг ички, ташқи сиёсатига ёки халқаро мақомига тааллуқли бирон бир масала қўйилса, сайловлар ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилади.

Сайлов натижалари мажоритар тизим бўйича ҳам, пропорционал тизим бўйича ҳам аниқланиши мумкин бўлса, референдум натижалари фақат мажоритаризм (мутлақ кўпчилик овозини ҳисоблаш) тамойиллари асосида аниқланиши мумкин.

Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Референдум Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ўтказилади.

Референдумни ўтказиш ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти чиқиши мумкин.

Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган (18 ёшга тўлган) Ўзбекистон фуқаролари умумий сонининг камида 5 фоизини ташкил этган фуқаролар имзоси тўпланган (бунда имзо чеккан фуқаролар миқдори ҳар бир маъмурий ҳудудий тузилма бўйича бир текис ва мутаносиб равишда тақсимланган) бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг асослантирилган талаби билан референдум ўтказилиши мумкин.

Референдум яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасида биринчи марта 1991 йил 29 декабрда референдум бўлган. Бу референдумда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида“ги Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1991 йил 31 августдаги Конституциявий қонуни тўғри қабул қилинганлигини Ўзбекистон халқи бир овоздан маъқуллади.

2002 йил 27 январда Ўзбекистон Республикасида икки палатали парламентни шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини ўзгартиришга бағишланган референдум бўлиб ўтди. Бу референдумлар Ўзбекистонда демократия мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Референдум — бевосита демократиянинг муҳим институти бўлиб, умумдавлат ҳамда ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган қарорларни қабул қилинишида жамият аъзоларининг (овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар фуқароларнинг) иштирокини таъминлайди.

Референдумнинг ўтказилиш жараёнининг қоида ва шартлари ҳар бир давлатнинг конституцияси ва қонунчилиги асосида белгиланади.

Президентимиз таъкидлаганидек, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга. Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси — ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман. Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқдир” деган тамойилга тўла мос келади.

Демак, референдум фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ислоҳотлар жараёнида бевосита қатнашишини таъминлаш билан бирга, уларнинг туб ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ҳам кучайтиради.

Таъкидлаш жоизки, конституция лойиҳаси матни юзасидан фуқароларимиз томонидан 220 мингдан ортиқ таклифлар берилганлиги уларнинг мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслигидан далолат беради. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикасининг янги Конституциясини том маънодаги халқ конституцияси, дейиш мумкин.

Учқун ДУСТОВ,

сиёсий фанлар номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер