Рақснинг сеҳрли олами санъат ихлосмандларини кўҳна Хоразмга чорлади
Фото: «Халқ сўзи»
Кўҳна Хоразм заминида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида, ЮНEСКО шафелигида ўтказилган «Лазги» халқаро фестивали ниҳоясига етди.
Президентимизнинг 2020 йил 28 сентябрдаги «Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш, воҳага ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар орасида бой маданий меросимизни кенг тарғиб этиш ва шу орқали арт-туризмини ривожлантириш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган мазкур санъат байрамида дунёнинг 30 га яқин давлатидан 175 нафар рақс санъати усталари иштирок этди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра хоразмлик Дилноза Ортиқова фестивалнинг Гран-при мукофотини қўлга киритди. «Энг яхши рақс жамоаси» номинациясида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик театрининг «Тумор» ансамбли 1-ўринни, Ўзбекистон давлат филармониясининг «Навбаҳор» ашула ва рақс ансамбли ҳамда Фикрат Аминов номидаги Озарбайжон давлат ашула ва рақс ансамбли 2-ўринни, Қирғизистоннинг «Шаттык» ҳамда Туркиянинг «Инегол» халқ рақси ансамбллари 3-ўринни эгаллади.
«Энг яхши яккахон рақс ижрочиси» номинациясида ўзбекистонлик Шерзод Кенжабоев ва қозоғистонлик Гурнур Кассимбек 1-ўрин, ҳиндистонлик Нидхи Мисра ва ўзбекистонлик Феруза Азатова 2-ўрин, испаниялик Нерея Фернандес ва россиялик Кристина Коврова ҳамда Никита Грудзев 3-ўрин соҳиби бўлишди.

«Энг яхши саҳналаштирилган рақс» номинациясида Болгариянинг «Пирин» рақс жамоаси 1-ўрин, Ўзбекистон давлат филармониясининг «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли ҳамда Тожикистоннинг «Зебо» ансамбли 2-ўрин, Сербиянинг «Свети дорди» ва Мисрнинг «Таннура» рақс жамоалари 3-ўринга муносиб кўрилди.
— Камтарона меҳнатимни, ижодимни юксак баҳолаган ҳакамлар ҳайъатидан, фестивалда чиқишларимни олқишлаб, қўллаб-қувватлаб турган мухлисларимдан чексиз миннатдорман, — дейди «Лазги» халқаро рақс фестивали Гран-при соҳибаси Дилноза Ортиқова. — Халқимизнинг қадим қадрияти, миллий рақс санъатимизнинг бетакрор дурдонасини дунёга танитишга хизмат қиладиган ушбу фестиваль ташкилотчиларига катта раҳмат айтаман. Хоразм санъатининг ўзига хос «ташриф қоғози»га айланган «Лазги»нинг жозибадор рақси ва ўйноқи куйи жаҳон саҳналарида баралла янграйверади.

— Фестивалда иштирок этган барча халқларнинг рақслари ўзига хос бўлиб, раққос ва раққосаларнинг ижро маҳоратига ҳам қойил қолмасликнинг иложи йўқ, — дейди фестиваль меҳмонларидан бири, профессор Анн Девид (Буюк Британия). — Лекин «Лазги» рақси бошқа барча рақслардан ажралиб турди. Бу рақсда ўзига хос фалсафа бўлиб, инсон танасининг ҳар бир аъзоси ҳаракатга келар ва ижро кетма-кетлиги маълум маъно-мазмун касб этар экан. Лазгининг бир нечта турларини зўр маҳорат билан ижро этган рақс усталари истеъдодига тасанно дегинг келади!
— Хоразмга саёҳатимиз «Лазги» халқаро рақс фестивалига тўғри келиб қолганидан жуда хурсандмиз, — дейди нидерландиялик сайёҳ Алнен Фёрстрейт. — Фестивалда турли мамлакатлардан ташриф буюрган рақс жамоалари чиқишларни мароқ билан томоша қилиб, бир олам таассуротлар олдик. Насиб қилса, кейинги «Лазги» фестивалига дўстларим билан яна биргаликда келиб томоша қилиш ниятидамиз.
Танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва Гран-При соҳибаси 7 000 АҚШ доллари, ҳар бир номинация бўйича совринли ўринларни эгаллаган иштирокчилар белгиланган пул мукофотлари билан тақдирланди.
Одилбек Одамбоев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг