Рақс санъатининг фидойи устози
Инсоннинг маънавий камолотида, касбий маҳорати юксалишида устозларнинг ўрни ва хизмати беқиёс. Жумладан, рақс санъатида ҳам фақат тажрибали устоз ва мураббийлар ўгитларига амал қилиб ижод бўстонида муносиб ўрин топиш, мухлислар олқишига, элнинг эътирофига сазовор бўлиш мумкин. Шу маънода, тақдир менга меҳридарё устозни рўбарў қилганидан, санъат сирларини ўрганишда шу фидойи инсондан сабоқ олганимдан бениҳоя миннатдорман. Хоразм рақс санъатининг тирик афсонасига айланган бу юксак қалб эгаси — Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубовадир.
Устоз эллик беш йилга яқин ижодий фаолияти давомида 100 дан зиёд миллий рақсларни саҳналаштирган. Унинг кўп йиллик тадқиқотлари натижаси бўлган “Офатижон лазги” ва “Лазги — уч минг йил” номли китобларида Хоразм рақс санъати, хусусан, “Лазги” рақси тарихи ҳамда унинг анъаналари батафсил ёритиб берилган.
Давлатимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан Ўзбекистон давлат филармониясининг Хоразм вилояти бўлинмаси саҳналаштирувчи балетмейстери Гавҳар Матёқубова “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. Яқинда “Лазги” рақсининг ЮНEСКОнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилишидаги хизматлари учун устозга Ўзбекистон Хореография академиясининг фахрий профессори унвони берилди.
Бугун санъатимиз фидойиси саҳналаштирган жозибадор миллий рақсларимизни нуфузли халқаро фестивалларда зўр маҳорат билан ижро этаётганимдан бахтиёрман. Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан устозни самимий қутлаб, ёшларга санъат сирларини ўргатиш, миллий рақсларимизни дунё бўйлаб тарғиб этишдек эзгу фаолиятларида омад тилаб қоламан.
Дилноза ОРТИҚОВА,
“Ниҳол” мукофоти совриндори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг